>

Алоуддин Мансур — 99

4:128 Агар бирон аёл эри томонидан кўнгилсизлик ёки юз ўгириб кетиш содир бўлишидан қўрқса, у иккови ўзаро бир сулҳга келишиб олишлари зарарсиздир. Сулҳ (ажралиб кетишдан) яхшироқдир. Нафслар қизғанишга ҳозиру нозир бўлиб турадилар. Агар аёлларингизга чиройли муомала қилсангиз ва Аллоҳдан қўрқсангиз (ўзингизга яхшидир). Зеро, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардор бўлган Зотдир.

4:129 Ҳар қанча уринсангизлар ҳам хотинларингиз ўртасида адолат қилишга қодир бўлмайсизлар. Бас, бутунлай (суйган хотинларингиз томонга) оғиб кетиб (кўнгилсиз бўлиб қолган) хотинингизни муаллақа каби ташлаб қўймангиз! Агар ўзларингизни ўнглаб Аллоҳдан қўрқсангизлар, албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган Зотдир.[19]

4:130 Бордию эр-хотин ажралиб кетсалар, Аллоҳ иккаласини ҳам Ўзининг кенг карами билан беҳожат қилиб қўйгай. (Яъни, ҳар иккисига ҳам аввалги турмушидан яхшироқ эр ёки хотин насиб этиши мумкин). Аллоҳ фазлу карами кенг ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир.

4:131 Осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Аллоҳникидир. Биз сизлардан илгари Китоб берилган зотларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳдан қўрқинглар, деб амр қилдик. Агар кофир бўлиб кетсангизлар (Аллоҳга ҳеч бир зарар етказа олмайсизлар). Зеро, осмонлардаги бор нарса ва Ердаги бор нарса Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ беҳожат ва мақтовга сазовор бўлган Зотдир.

4:132 Осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Аллоҳникидир. Аллоҳнинг Ўзи етарли вакилдир. (Яъни, Ер ва осмонлардаги барча ишларни кузатиб, сақлаб турувчи Зотдир).

4:133 Агар хоҳласа, эй одамлар, сизларни кетказиб, бошқаларни келтирур. Аллоҳ бунга қодир бўлган Зотдир.

4:134 Ким бу дунёнинг савобини истаса, билсинки, Аллоҳнинг ҳузурида ҳам бу дунёнинг, ҳам Охиратнинг савоби бордир. Аллоҳ эшитгувчи, кўргувчи бўлган Зотдир.