Алоуддин Мансур — 98
4:122 Иймон келтириб, яхши амалларни қилган зотларни эса остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритажакмиз — улар у Ерда абадий яшарлар. Бу Аллоҳнинг ҳақ ваъдасидир. Аллоҳдан кўра ростгўйроқ ким бор?!
4:123 Сизларнинг хомхаёлларингиз ҳам, аҳли китобнинг хомхаёллари ҳам ҳақ эмас — кимки ёмон амал қилса, жазосини олур ва ўзи учун Аллоҳдан ўзга на бир дўст ва на бир мададкор топмас.
4:124 Хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин — кимда-ким мўмин бўлган ҳолида яхши амаллардан қилса, ана ўша кишилар жаннатга кирурлар ва уларга заррача зулм қилинмас.
4:125 Ҳақиқий мусулмон бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга топширган ва ҳақ йўлдаги Иброҳимнинг динига эргашган кишининг динидан ҳам гўзалроқ дин борми?! (Ахир) Иброҳимни Аллоҳ Ўзига дўст тутган.[18]
4:126 Осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Аллоҳникидир. Аллоҳ ҳамма нарсани иҳота қилгувчи бўлган Зотдир.
4:127 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиздан аёллар ҳақида фатво сўрайдилар. Айтинг: «Улар тўғрисида сизларга Аллоҳ ва Китобда (Қуръонда) тиловат қилинадиган оятлар фатво берур. Яна (қарамоғингиздаги вояга етган) етим қизларни (агар гўзал бўлсалар) улар учун фарз қилинган маҳрларини бермасдан (никоҳингизга олишингизни) ва (агар хунук бўлсалар) никоҳингизга олишдан юз ўгириб (улардан қоладиган меросга тама қилиб то ўлгунларича бошқа бировга турмушга чиқармай сақлашларингизни сизларга ҳаром қилади). Яна ночор болалар ҳақида фатво бериб, бундай етимлар хусусида адолат билан туришингизни амр қилур. Сизлар нима яхшилик қилсангиз, албатта Аллоҳ уни билиб тургувчи бўлган Зотдир.