Алоуддин Мансур — 97
4:114 Уларнинг кўп махфий суҳбатларидан — агар садақа беришга ё бирон яхшилик қилишга ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлмасалар — ҳеч қандай фойда йўқдир. Ким Аллоҳ ризосини истаб бу ишларни қилса, унга улуғ мукофот беражакмиз.
4:115 Ким ҳақ йўлни аниқ билганидан кейин пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса, биз уни кетганича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга дохил қиламиз. Нақадар ёмон жойдир у!
4:116 Албатта, Аллоҳ ўзига (бирон нарса ё кимсанинг) шерик қилинишини кечирмайди. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечиради. Кимки Аллоҳга ширк келтирса, демак, жуда қаттиқ йўлдан озибди.
4:117 Улар (яъни, Аллоҳга ширк келтирган кимсалар) Аллоҳни қўйиб, фақат (Лот, Уззо, Манот каби) санамларга сиғинадилар ва фақат итоатсиз шайтонга сиғинадилар.
4:118 Аллоҳ уни (шайтонни) лаънатлади. (Шунда) у деди: «Қасамки, бандаларнинг орасидан ўзимга тегишли насибани албатта оламан.
4:119 Ва уларни йўлдан оздираман, хомхаёлларга мубтало қиламан, буюрсам улар чорваларининг қулоқларини кесадилар, буюрсам Аллоҳ яратган нарсаларни ўзгартириб-бузадилар». Кимки Аллоҳни қўйиб, шайтонни дўст тутса, бас, у очиқдан-очиқ зиён қилибди.[17]
4:120 (Шайтон) уларга ваъдалар берур, хомхаёлларга мубтало қилур. Охир-оқибатда шайтон берган ваъдалар фақат ёлғон-сароб бўлиб чиқар.
4:121 Ундай кимсаларнинг жойлари жаҳаннам бўлиб, ундан қочиб қутула олмагайлар.