>

Алоуддин Мансур — 93

4:92 Мўмин мўминни фақат билмаган ҳолдагина ўлдириб қўйиши мумкин. Ким бир мўминни билмай ўлдириб қўйса, у бир мўмин қулни озод қилиши ва марҳумнинг эгаларига — агар кечиб юбормасалар — хун тўлаши вожибдир. Агар марҳум ўзи мўмин бўлиб, сизларга душман қавмдан бўлса, фақат бир мўмин қулни озод қилиши вожиб. Агар у сизлар билан сулҳ тузган қавмдан бўлса, унинг эгаларига хун тўлаш ва бир мўмин қулни озод қилиш лозим. Бас, ким (озод қилиш учун бир қул) топишга қодир бўлмаса, Аллоҳга тавба қилиб муттасил икки ой рўза тутмоғи лозим. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир.

4:93 Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир.

4:94 Эй мўминлар, қачон Аллоҳ йўлида жиҳод учун сафарга чиқсангиз (душманларингизни) аниқ таниб олинглар ва бу ҳаёти дунёнинг нарсасини истаб сизларга салом берган кишига: «Сен мўмин эмассан!», деманглар! Зеро, Аллоҳнинг ҳузурида беҳисоб ўлжалар бордир. Илгари сизлар ҳам шундай эдингиз (яъни, кофирлар қўл остида мусулмонлигингизни яшириб юришга мажбур эдингиз). Энди Аллоҳ сизларни (Ислом давлатида яшаш неъмати билан) мамнун қилди. Бас, (душманларингизни) аниқ таниб олинглар. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардор бўлган Зотдир.[14]