>

Алоуддин Мансур — 92

4:87 Ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқдир. У сизларни ҳеч шак-шубҳасиз, бўлган Қиёмат Кунида тўплайди. Аллоҳдан кўра ростгўйроқ ким бор?!

4:88 (Эй мўминлар), нега сизлар мунофиқлар тўғрисида икки гуруҳга бўлиниб олдингиз? Ахир, Аллоҳ уларни ўз қилмишлари сабабли (куфр ва нифоққа) қайтарди-ку?! Ёки сизлар Аллоҳ адаштирган кимсаларни Тўғри Йўлга солмоқчимисизлар? Кимники Аллоҳ адаштириб қўйган бўлса, унинг учун ҳаргиз йўл топа олмайсиз![12]

4:89 Улар ўзлари кофир бўлганлари каби сизлар ҳам кофир бўлиб, улар билан баробар бўлиб қолишларингизни истайдилар. Бас, сизлар то Аллоҳ йўлида ҳижрат қилмагунларича уларни дўст тутманглар! Агар юз ўгирсалар, уларни топган жойингизда тутиб ўлдирингиз ва улардан на бир дўст ва на бир ёрдамчи олмангиз!

4:90 Аммо (у мунофиқлардан) ораларингизда аҳду паймон бўлган қавмга келиб қўшилган ёки хоҳ сизлар билан, хоҳ ўзларининг қавми билан урушиш жонига тегиб олдингизга келган кимсаларга тегмангиз! Агар Аллоҳ истаса эди, уларни сизлардан устун қилиб қўйган бўлар эди ва улар сизларга қарши жанг қилар эдилар. Бас, агар сизлардан четланиб, сизларга қарши жанг қилмай сулҳ тузишни таклиф қилиб келсалар, Аллоҳ сизлар учун уларнинг устига ҳеч қандай йўл бермайди.

4:91 (У мунофиқлардан) бошқа бир тоифасининг эса сизлардан ҳам, ўз қавмларидан ҳам тинч-хотиржам бўлишни кўзлаётганларини кўрасизлар. Ҳар қачон фитнага (яъни, куфрга) қайтишга тўғри келса, ўзларини унга ташлайдилар. Бас, агар улар сизлардан четланмас, сизларга сулҳ таклиф қилмас ва қўлларини тиймас эканлар, уларни топган жойингизда тутиб ўлдирингиз. Мана, биз бундай кимсаларга қарши (ҳужум қилишингиз учун) сизларга очиқ ҳужжат бериб қўйдик.[13]