Алоуддин Мансур — 91
4:80 Кимки пайғамбарга итоат этса, демак, Аллоҳга итоат этибди. Кимки юз ўгирса (бунинг сизга зарари йўқдир. Зеро), Биз сизни уларнинг устига қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ.
4:81 Улар «Итоат этамиз», дейдилару ҳузурингиздан чиққанларидан кейин эса улардан бир тоифаси сиз айтган гапларнинг аксига хуфёна тил бириктирадилар. Аллоҳ эса уларнинг хуфёна келишувларини ёзиб қўюр. Бас, сиз улардан юз ўгириб, Аллоҳга таваккул қилинг. Аллоҳнинг ўзи етарли вакилдир.
4:82 Ахир улар Қуръон ҳақида фикр юритмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқа биров томонидан бўлса эди, унда кўп қарама-қаршиликларни топган бўлар эдилар-ку?!
4:83 Қачон уларга (жангга кетган мусулмон аскарлар ҳақида) тинчлик ёки хавф-хатар (яъни, ғалаба ёки мағлубият) хабари келса, уни ёйиб юборадилар. Агар (улар ўзларига келган хабарни ҳар кимга ёйиб юрмасдан) Пайғамбарга ва ўзларидан бўлган бошлиқларгагина етказганларида эди, уни (яъни, мана шу хабарнинг ҳақиқатини) билмоқчи бўлган кишилар ўшалардан билган бўлар эдилар. Агар сизларга Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлмаса эди, (яъни, Аллоҳ ўз марҳамати билан сизларни иймонда устивор қилмаса эди) айрим кишилардан ташқари ҳаммангиз шайтонга эргашиб кетар эдингиз.
4:84 Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Аллоҳ йўлида жанг қилинг. Зотан, сиз фақат ўзингиз учун жавобгарсиз. (Демак, ёлғиз қолсангиз ҳам жанг қилинг) ва мўминларни ҳам тарғиб қилинг! Шояд Аллоҳ кофир бўлган кимсаларнинг шиддатини даф қилса, Аллоҳ қуввати ортиқ, азоби қаттиқ Зотдир.
4:85 Ким (одамлар орасида) чиройли — ҳақ тараф олиш билан тараф олса, ўзига ҳам унинг савобидан бир улуш тегур. Ким ноҳақ тараф олиш билан тараф олса, ўзи учун унинг гуноҳидан бир улуш тегур. Аллоҳ ҳамма нарсага қодир бўлган Зотдир.
4:86 Қачон сизларга бирон ибора билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олинглар ёки (ҳеч бўлмаса) ўша иборани қайтаринглар. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани ҳисобга олгувчи бўлган Зотдир.