>

Алоуддин Мансур — 89

4:66 Агар Биз уларга (Бани Исроилга буюрганимиз каби) «бир-бирингизни ўлдиринг ва ўз диёрларингиздан чиқинг», деб буюрганимизда эди, улардан жуда оз қисми бу буйруқни бажарган бўлур эди. Агар улар қилинган панд-насиҳатларга амал қилганларида, ўзлари учун яхшироқ ва (иймонларини) мустаҳкам қилгувчироқ иш бўлур эди.

4:67 Ва у ҳолда Биз ҳам уларга ўз ҳузуримиздан улуғ мукофот берган бўлардик.

4:68 Ҳамда уларни ҳақ йўлга ҳидоят қилган бўлардик.

4:69 Кимда-ким Аллоҳ ва пайғамбарга итоат этса, ана ўшалар Аллоҳ инъомларига сазовор бўлган зотлар — пайғамбарлар, сиддиқлар (ҳақ-рост иймон эгалари), шаҳидлар ва фақат яхши амаллар билан ўтган кишилар билан бирга бўлурлар. Улар эса энг яхши ҳамроҳлардир.

4:70 Бу Аллоҳ томонидан бўлган фазлу-марҳаматдир. Аллоҳнинг ўзи етарли билгувчидир.

4:71 Эй мўминлар, душмандан эҳтиёт чораларингизни кўриб, жангга гуруҳларга бўлиниб ёки ҳаммангиз тўпланиб чиқинглар.

4:72 Шубҳасиз ораларингизда (жангга чиқишдан) кетда қоладиган, агар сизларга бирон мусибат етса, «Аллоҳ ёрлақаб улар билан бирга бўлмадим, (акс ҳолда ҳалок бўлур эдим)», дейдиган кимсалар ҳам бор.

4:73 Бордию сизларга Аллоҳдан фазлу марҳамат етса (яъни, ғалабага эришсангиз), у гўё (илгари) сизлар билан ўзининг орасида ҳеч қандай танишлик бўлмагандек «кошкийди, мен ҳам ўшалар билан бирга бўлиб, улуғ зафар (ва ўлжалар)га эришсам эди», дейиши аниқдир.

4:74 Аллоҳ йўлида бу ҳаёти дунё эвазига Охиратни сотиб оладиган зотлар жанг қилсинлар. Ким Аллоҳ йўлида жанг қилиб ўлдирилса ёки ғалаба қилса, унга улуғ мукофот ато этажакмиз.