>

Алоуддин Мансур — 87

4:52 Улар Аллоҳ лаънатлаган кимсалардир. Кимники Аллоҳ лаънатлар экан, бас, ҳеч қачон унинг учун бирон ёрдамчини топа олмайсиз.

4:53 Ёки уларнинг мол-мулклари борми? Шундай бўлган тақдирда ҳам одамларга зиғирчалик мурувват қилмаган бўлур эдилар!

4:54 Ёки одамларга (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломга) Аллоҳ ўз фазлу карамидан берган нарсага (яъни, пайғамбарликка) ҳасад қиляптиларми? Ахир Биз илгари ҳам Иброҳим сулоласига (яъни, Мусо, Довуд, Сулаймон каби зотларга) Китоб ва ҳикмат (пайғамбарлик) бериб, уларни улуғ мулку давлатга эга қилган эдик-ку?!

4:55 Бас, уларнинг ичида унга (яъни, Муҳаммадга) иймон келтирганлар ҳам бор, ундан юз ўгирганлар ҳам бор. (Буларга) жаҳаннам ўти бас келур.

4:56 Бизнинг оятларимизни инкор қилган кимсаларни албатта дўзахга киритажакмиз. Қачонки терилари куйиб битиши билан ҳақиқий азобни тотиб кўришлари учун ўрнига бошқа териларни алмаштирамиз. Албатта, Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир.

4:57 Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни эса улар абадий яшайдиган, остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга дохил қилажакмиз. Улар учун у жойларда пок жуфтлар бордир. Уларни қуюқ сояли жойларга киритурмиз.

4:58 Албатта, Аллоҳ сизларни омонатларни ўз эгаларига топширишга ва одамлар орасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишга буюради. Албатта, Аллоҳ сизларга энг яхши панд-насиҳатлар қилур. Албатта, Аллоҳ эшитгувчи, кўргувчи бўлган Зотдир.

4:59 Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни, мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз! Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, — агар ҳақиқатан Аллоҳга ва Охират Кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир.[10]