>

Алоуддин Мансур — 85

4:38 Яна молларини одамлар кўрсин, деб эҳсон қиладиган, ўзлари эса на Аллоҳга ва на Охират Кунига иймон келтирмайдиган кимсаларни ҳам (Аллоҳ севмайди). Кимга шайтон дўст бўлса, у энг ёмон дўст булур.

4:39 Агар Аллоҳ ва Охират Кунига иймон келтирсалар ва Аллоҳ ризқ қилиб берган нарсаларидан эҳсон қилсалар, уларга қандай зарар бўлар эди? Аллоҳ уларнинг (қилган амалларини) билгувчи бўлган Зотдир.

4:40 Шубҳасиз, Аллоҳ бировга бир зарра вазнича зулм қилмас. Агар заррача яхшилик бўлса, уни бир неча баробар қилур ва ўз ҳузуридан улуғ ажр ато қилур.

4:41 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), биз ҳар бир умматдан (ўша умматнинг пайғамбарини) гувоҳ келтирганимизда ва Сизни ана уларга қарши гувоҳ қилганимизда уларнинг ҳоли не кечур?!

4:42 У Кунда кофир бўлган ва пайғамбарга итоатсизлик қилган кимсалар Ер билан яксон бўлиб кетишни орзу қиладилар ва (лекин) Аллоҳдан бирон гапни яшира олмайдилар.

4:43 Эй мўминлар, токи гапираётган гапларингизни билмагунингизча маст ҳолингизда намозга яқин келманглар. Ва яна сафарда бўлмасангиз то чўмилмагунингизча жунуб ҳолингизда (намозга яқин келманг). Агар бетоб ё сафарда бўлсангизлар, ёки сизлардан бирон киши ҳожатхонадан чиққан бўлса, ёхуд хотинларингиз билан яқинлашган бўлсангиз ва (мазкур ҳолатларда) сув топа олмасангиз покиза тупроқ билан таяммум қилиб, юз ва қўлларингизга суртинглар. Албатта, Аллоҳ афв этувчи ва мағфиратли бўлган Зотдир.[8]

4:44 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), китобдан (яъни, Тавротдан) насибадор бўлган кимсаларнинг гумроҳликни сотиб олаётганларини ва сизлар ҳам ҳақ йўлдан тойишингизни истаётганларини кўрмадингизми?