Алоуддин Мансур — 84
4:34 Эркаклар хотинлари устида раҳбардирлар. Бунга сабаб Аллоҳ уларнинг бировларини бировларидан (яъни, эркакларни аёллардан) ортиқ қилгани ва эркаклар (хотинлари ва оилалари учун) ўз мол-мулкларидан сарф-харажат қилганларидир. Бас, ибодат-итоатли ва эрлари йўқлигида Аллоҳнинг ҳифзу ҳимояти билан (эрларининг мол-мулкларини ва ўз иффатларини) сақловчи хотинлар — яхши хотинлардир. Хотинларингизнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга панд-насиҳат қилинглар, сўнг (яъни, насиҳатларинг кор қилмаса) уларни ётоқларда тарк қилингиз (улар билан бир жойда ётманг, яқинлашманг), сўнгра (яъни, шунда ҳам сизларга бўйсунмасалар), уринглар! Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманглар. Албатта, Аллоҳ энг юксак ва буюк бўлган Зотдир.[7]
4:35 Агар эр-хотиннинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангизлар, эр томонидан бир ҳакам, хотин томонидан бир ҳакам чақирингиз. Агар улар ислоҳ қилишни истасалар, Аллоҳ эр-хотин орасига иттифоқликни солур. Албатта, Аллоҳ билгувчи ва хабардор бўлган Зотдир.
4:36 Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-онангизга ҳамда қариндош-уруғ, етим ва мискинларга, қариндош қўшни ва бегона қўшнига, ёнингиздаги ҳамроҳингизга, йўловчи мусофирга ва қўлларингиздаги қулларингизга яхшилик қилингиз! Албатта, Аллоҳ мутакаббир ва мақтанчоқ бўлган кимсаларни севмайди.
4:37 Улар ўзлари бахиллик қиладиган ва ўзга одамларни ҳам бахилликка чақирадиган ҳамда Аллоҳ фазлу карамидан берган неъматларни яширадиган кимсалардир. Биз бундай кофирлар учун хор қилгувчи азобни тайёрлаб қўйганмиз.