Алоуддин Мансур — 82
4:24 Яна эрлик аёллар (ҳам ҳаром қилинди). Магар (уруш-жангларда) эга бўлган чўриларингиз ҳалолдир. (Бу ҳукмларни) Аллоҳ зиммангизга фарз қилиб қўйди. Мана шулардан бошқа аёлларга зино қилувчи бўлмаган ҳолингизда молларингизни маҳр қилиб бериш билан уйланишга ҳаракат қилиш сизлар учун ҳалол қилинди. Улар билан никоҳ орқали яқинлик қилишингиз билан белгиланган маҳрларини берингиз! Маҳр белгиланганидан кейин ўзларингиз келишиб олишингизда (яъни, улар ўз ихтиёрлари билан ҳаққи-маҳрларидан кечиб юборишларида) сизлар учун гуноҳ йўқдир. Албатта, Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир.[5]
4:25 Сизлардан кимда-ким озод мўмина аёлларга уйланиш имкониятига эга бўлмаса, қўлларингиздаги мўмина чўрилардан бирига уйланаверсин. Аллоҳ иймонларингизни жуда яхши билгувчидир. Бировингиз бировингиздандирсиз (яъни, ҳаммангизнинг аслингиз биттадир). Бас, улардан ўзларини сақлаган, фоҳишалик қилмаган ва махфий ўйнашлар тутмаганларига хожаларининг изни билан уйланаверинглар ва маҳрларини тўкис қилиб беринглар! Энди эрга теккач, агар бузуқлик қилсалар, уларга озод аёлларга бериладиган азобнинг ярми берилур. Бу (яъни, чўриларга уйланиш рухсати) орангиздаги бузилиб кетишдан қўрққан кишилар учундир. Сабр қилиб (уйланмай туришларингиз) ўзингиз учун яхшироқдир. Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибондир.
4:26 Аллоҳ сизларга шариат ҳукмларини баён қилишни, сизларни илгари ўтган (ҳақ йўлдаги) зотларнинг йўлларига ҳидоят қилишни ва тавбаларингизни қабул қилишни истайди. Аллоҳ билим ва ҳикмат Эгасидир.