Алоуддин Мансур — 80
4:15 Хотинларингиздан қайси бир аёл фоҳишалик қилса, ундай аёлларнинг устида ўзларингиздан бўлган тўрт кишини гувоҳ қилинг. Агар улар гувоҳлик берсалар, то бу аёлларга ўлим келгунча ёки Аллоҳ бирор йўлга солгунча, уларни уйларида сақлангиз![3]
4:16 Сизлардан икки эркак шундай қилса (яъни, баччавозлик ёки фоҳишабозлик қилса), уларни (уриб-сўкиш билан) таъзирларини берингиз. Агар тавба қилиб, ўзларини тузатсалар, уларни тинч қўйинглар. Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи ва меҳрибон бўлган Зотдир.
4:17 Албатта, Аллоҳнинг тавбаларни қабул қилиши фақат биронта гуноҳни нодонлик билан қилиб қўйиб, сўнгра дарҳол тавба қилган кишилар учундир. Аллоҳ ана шундай кишиларнинг тавбасини қабул қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир.
4:18 На гуноҳ ишларни мудом қилиб юриб, қачонки, бировларига ўлим келганида «энди тавба қилдим», дейдиган ва на кофир ҳолда ўлиб кетадиган кимсаларнинг тавбалари қабул қилинмас. Улар учун аламли азобни тайёрлаб қўйганмиз.
4:19 Эй мўминлар, сизлар учун хотинларни мажбурий ҳолда мерос қилиб олиш дуруст эмасдир. Ва (агар бирга яшаш ниятингиз бўлмаса), берган маҳрларингизнинг бир қисмини қайтариб олиш учун хотинларингизни (бошқа эрга тегишдан) тўсиб туриб олманглар! Магар улар очиқ бузуқлик қилсалар (у ҳолда берган маҳрингизни қайтариб олишингиз мумкин). Улар билан тинч-тотув яшанглар. Агар уларни ёмон кўрсангизлар ҳам (сабр қилиб иноқ ҳолда яшайверинглар). Зеро, сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ кўп яхшиликларни қилиб қўйган бўлиши мумкин.[4]