Алоуддин Мансур — 78
4:7 Эркаклар учун ота-оналар ва қариндош-уруғлари қолдириб кетган меросдан улуш бордир. Аёллар учун ҳам ота-оналари ва қариндош-уруғлари қолдириб кетган меросдан улуш бордир. Бу улушлар озми-кўплигидан (қатъий назар) фарз қилинган ҳақлардандир.
4:8 Мерос тақсимида узоқ қариндошлар, етим ва мискинлар ҳам ҳозир бўлсалар, уларни ҳам шу меросдан баҳраманд қилиб, яхши сўзлар айтинглар.
4:9 (Бировнинг ўлимига ҳозир бўлган) кишиларнинг ўзлари ожиз-нотавон фарзандларини қолдириб вафот қилиб кетсалар, улардан хавотир олганлари каби (ўзгаларнинг етимлари ҳаққидан ҳам) қўрқсинлар. Бас, Аллоҳдан қўрқиб, (ўлим олдидаги кишига) ҳақ сўзни айтсинлар![2]
4:10 Етимларнинг молларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар ҳеч шак-шубҳасиз, қоринларига олов еган бўлурлар. Ва албатта дўзахга киражаклар!
4:11 Аллоҳ фарзандларингизга (тегишли мерос) ҳақида бир ўғил учун икки қиз улуши баробарида мерос беришни амр қилур. Агар меросхўрлар иккидан ортиқ қиз бўлса, уларга улар (ота-она) қолдирган нарсанинг учдан иккиси, агар якка қиз бўлса, унга (мероснинг) ярми тегур. Агар марҳумнинг фарзанди бўлса, қолдирган меросидан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бири тегур. Энди агар фарзанд бўлмай, фақат ота-онаси (меросхўр) бўлса, у ҳолда онасига учдан бир тегур (қолгани отасига қолади). Агар унинг ака-укалари бўлса, онасига олтидан бир тегур, (қолган қисми отасига тегади, зеро, марҳумнинг ака-укаларини едириб-кийдириш ва уйлаб-жойлаш отанинг зиммасидадир. Бу тақсимотлар) марҳум қилган васият ва унинг қарзлари адо этилганидан кейин бўлур. Ота-оналарингиз ва фарзандларингизнинг қайси бирлари сизлар учун фойдаси тегувчироқ эканини билмайсизлар. (Бинобарин, ўзингизга қолса, мерос тақсимотини ҳам адолат билан ҳал қила олмайсиз. Шу боисдан кимга қанча мерос тегиши) Аллоҳ томонидан қатъий фарз қилиб қўйилди. Албатта, Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир.