Алоуддин Мансур — 76
3:195 Бас, Парвардигорлари уларнинг дуоларини ижобат қилиб (деди): «Албатта, Мен сизлардан бирон амал қилгувчи эркак ё аёлнинг амалини зое қилмагайман. Зеро, бировингиз бировингиздандирсиз. (Яъни, эркак аёлдан, аёл эркакдан дунёга келган). Бас, ватанларидан ҳижрат қилган, диёрларидан қувилган, менинг йўлимда азиятлар чеккан ва (менинг йўлимда) жанг қилиб, қатл этилган зотларнинг қилган гуноҳларини ўчиргайман ва уларни тагларидан дарёлар оқиб турадиган боғларга киритурман. Бу Аллоҳ ҳузуридан бўлган савоб-мукофот бўлади. Зеро, энг гўзал савоб-мукофот Аллоҳнинг ҳузуридадир».
3:196 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Сизни кофирларнинг шаҳарларда кезишлари (яъни, уларнинг ҳар жойда керилиб юришлари) алдаб қўймасин!
3:197 (Бу елиб-югуриш, ғолибона кезишлар) озгина матодир. Сўнгра жойлари жаҳаннам бўлгай! Нақадар ёмон жой у!
3:198 Аммо Парвардигоридан қўрққан зотлар учун Аллоҳ ҳузуридан зиёфат бўлмиш — тагларидан дарёлар оқиб тургувчи боғлар бордирки, улар бу боғларда абадий қолажаклар. Яхшилар учун Аллоҳ ҳузуридаги нарса (яъни, савоб-ажр кофирларнинг муваққат кайф-сафоларидан) афзалроқдир.
3:199 Албатта, аҳли китоб ичида Аллоҳга ҳамда сизларга нозил қилинган нарсага — (Қуръонга) ҳам, ўзларига нозил қилинган нарсага — (Тавротга, Инжилга) ҳам иймон келтирадиган, Аллоҳга итоат қилиб бош эгувчи, Аллоҳнинг оятларини озгина қийматга сотиб юбормайдиган зотлар ҳам бор эканлиги аниқ-равшандир. Ана ўшалар учун Парвардигорлари ҳузурида ажру савоб бордир. Албатта, Аллоҳ тезда ҳисоб-китоб қилгувчи Зотдир.
3:200 Эй мўминлар, сабр қилингиз ва сабру тоқат қилишда (кофирлардан) устун бўлингиз ҳамда доимо (кураш-жиҳод учун) белингиз боғлиқ (ҳолда ҳозир) бўлиб турингиз! Ва Аллоҳдан қўрқингизким, (шунда) шояд нажот топгайсизлар!