Алоуддин Мансур — 74
3:181 Албатта, Аллоҳ: «Аллоҳ камбағал, бизлар боймиз», деган кимсаларнинг сўзини эшитди. Уларнинг айтган гапларини ва пайғамбарларни ноҳақ ўлдирганларини ёзиб қўюрмиз ва (Қиёмат Куни) уларга: «Куйдургувчи — дўзах азобини тотиб кўрингиз!», деб айтурмиз.
3:182 Бу (азоб) ўзларингиз қилган гуноҳларингиз сабаблидир. Албатта, Аллоҳ бандаларига зулм қилгувчи эмасдир.
3:183 У кимсалар: «Албатта, Аллоҳ бизга бирон пайғамбар то бир қурбонлик атаб, уни (осмондан тушган) олов еб (яъни, ёндириб) кетмагунча унга иймон келтирмаслигимизни буюрган», дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Муҳаққақки, мендан илгари сизларга кўп пайғамбарлар очиқ ҳужжатлар ва сизлар айтган нарсани (яъни, қурбонликларни) келтирганлар. Бас, агар шу гапларингиз рост бўлса, нима учун уларни ўлдирган эдингизлар?!»
3:184 (Эй Муҳамамад алайҳис-салоту вас-салом), агар Сизни ёлғончи қилишган бўлса, (асло ғамгин бўлманг, чунки) Сиздан илгари ҳам очиқ ҳужжатлар, битиклар ва нурли Китоб келтирган кўп пайғамбарлар ёлғончи қилинганлар.
3:185 Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир. Ва Қиёмат Кунида ҳеч шак-шубҳасиз, ажр-савобларингизни комил суратда олурсиз. Бас, ким дўзахдан четлатилиб, жаннатга киритилса, муҳаққақ (бахт-саодатга) эришгай. Бу ҳаёти дунё эса фақат алдагувчи матодир.
3:186 (Эй мўминлар), албатта молу жонларингизда имтиҳон қилинурсизлар (яъни, Аллоҳ таоло мол ва жонларингизга хилма-хил офату балолар юбориб, сизларнинг иймонингизни текшириб кўрар) ва албатта сизлардан илгари Китоб берилган кимсалар томонидан ва мушриклар томонидан кўп азият-маломатлар эшитажаксизлар. Агар (озорларига) сабр-тоқат қилсангизлар ва Аллоҳдан қўрқсангизлар (нажот топурсиз). Чунки бу иш (яъни, сабр-тоқатли бўлиб, Аллоҳдан қўрқиш) ишларнинг мақсадга мувофиғидир.