>

Алоуддин Мансур — 73

3:174 Бас, у юришдан бирон нохушлик етмай, Аллоҳнинг неъмат ва фазли билан қайтдилар. Улар Аллоҳнинг ризолигини истадилар. Аллоҳ эса улуғ фазлу марҳамат Соҳибидир.[26]

3:175 Албатта, ўша (сизларни васвасага солмоқчи бўлган) шайтоннинг ўзидир. У сизларни ўзининг дўстларидан (кофирлардан) қўрқитмоқчи бўлади. Бас, агар мўмин бўлсангизлар, улардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз!

3:176 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), куфр-динсизликка шошаётган кимсалар Сизни ғамгин қилмасин! Албатта, улар Аллоҳга ҳеч қандай зарар етказа олмайдилар. (Фақат) Аллоҳ улар учун Охиратда бирон насиба бўлмаслигини истайди. Улар учун улуғ азоб бор (холос).

3:177 Албатта, куфрни иймонга алмаштирадиган кимсалар Аллоҳга ҳеч қандай зарар етказа олмайдилар. Улар учун аламли азоб бордир.

3:178 Куфр йўлини тутган кимсалар уларга берган муҳлатимизни зинҳор ўзлари учун яхшилик деб ҳисобламасинлар! Балки Биз уларга фақат гуноҳларини зиёда қилишлари учунгина муҳлат берамиз. Улар учун хор қилгувчи азоб бордир.

3:179 Аллоҳ мўминларни сизлар бўлган мана шу ҳолатда (яъни, ким мўмин-у, ким мунофиқлиги маълум бўлмаган ҳолатда) ташлаб қўювчи эмас. Ҳали у (Уҳудда мунофиқларни мўминлардан ажратиб қўйгани каби) нопокни покдан ажратади. Аллоҳ сизларни ғайб илмидан хабардор қилмади. Лекин Аллоҳ пайғамбарларидан Ўзи истаган зотларни сайлаб олур (ва уни ғойибдан хабардор, огоҳ қилур). Бас, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирингиз! Агар иймон келтириб, Аллоҳдан қўрқсангиз, сизлар учун улуғ ажр-мукофот бордир.

3:180 Аллоҳ фазлу карами билан ато қилган нарсаларнинг (закотини) беришга бахиллик қилган кимсалар ҳаргиз бу қилмишларини ўзлари учун яхшилик деб ҳисобламасинлар! Йўқ, бу қилмишлари ўзлари учун ёмонликдир. Бахиллик қилиб бермаган нарсалари Қиёмат Кунида бўйинларига ўралажак! Осмонлару Ернинг мероси Аллоҳникидир. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.