>

Алоуддин Мансур — 72

3:166 Икки жамоат тўқнашган куни сизларга етган мусибат Аллоҳнинг изни-иродаси билан ва ҳақиқий мўминларни билиш учун эди.

3:167 Ҳамда нифоқ йўлига кирган кимсаларни аниқлаш учун бўлди. Уларга: «Келинглар, Аллоҳ йўлида жанг қилинглар ёки (ҳеч бўлмаса бизнинг саноғимизни кўпайтириш билан душманни) даф қилинглар», дейилса, «Агар жанг бўлишини аниқ билганимизда-ку сизларнинг ортингиздан борган бўлар эдик», дейишади. Ўша куни улар иймондан кўра куфрга яқинроқ эдилар. Улар оғизда кўнгилларида бўлмаган нарсаларни гапирмоқдалар. Аллоҳ эса уларнинг яширган сирларини жуда яхши билгувчидир.

3:168 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ўша ўзлари ўтириб олиб дўстлари ҳақида: «Агар бизнинг гапимизга кириб (жанг қилишдан бош тортганларида) ўлдирилмаган бўлар эдилар», дейдиган кимсаларга: «Агар айтган гапларингиз рост бўлса, ўзларингдан ўлимни даф қилинглар-чи», деб айтинг!

3:169 Аллоҳ йўлидаги жангда ўлдирилган зотларни ҳаргиз ўликлар деб ўйламанг! Йўқ, улар тириклардир! У зотлар Аллоҳ Ўз фазлу карами билан берган неъматлардан хушнуд ҳолларида баҳраманд бўлмоқдалар.

3:170 Ва ҳали ортларидан етиб келмаган биродарларига ҳеч қандай хавфу хатар йўқлиги ва ғамгин бўлмасликлари ҳақида хушхабар бермоқдалар.

3:171 Улар Аллоҳ томонидан бўлган неъмат ва фазлу карам ҳақида ҳамда мўминларнинг ажри-мукофотини Аллоҳ зое қилмаслиги ҳақида хушхабар берадилар.

3:172 Улар ўзларига жароҳат етганидан кейин ҳам Аллоҳ ва расулига бўйсунган зотлардир. Уларнинг орасидаги чиройли итоат қилган ва Аллоҳдан қўрққан зотлар учун улуғ ажр — мукофот бордир.

3:173 Ундай зотларга айрим кимсалар: «Қурайш одамлари сизларга қарши (саноқсиз лашкар) тўплаган; бас, улардан қўрқингиз!», деганларида бу гап уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи кифоя. У зот энг яхши ишончли вакилдир!», дедилар.