>

Алоуддин Мансур — 71

3:158 Қасамки, агар ўлсангиз ҳам, ўлдирилсангиз ҳам, албатта Аллоҳ ҳузурига тўпланажаксиз.

3:159 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Аллоҳ томонидан бўлган бир марҳамат сабабли уларга (саҳобаларингизга) юмшоқ сўзли бўлдингиз. Агар қўпол, қаттиқ дил бўлганингизда эди, албатта атрофингиздан тарқалиб кетган бўлар эдилар. Бас, уларни афв этинг, улар учун Аллоҳдан мағфират сўранг ва ишларингизда уларга маслаҳат солинг! Энди (маслаҳат қилгач, бирон ишни) қасд қилсангиз, Аллоҳга суянинг-таваккал қилинг! Албатта, Аллоҳ Ўзига таваккал қилувчиларни севади.

3:160 Агар сизларга Аллоҳ ёр бўлса, ҳеч ким сизлардан ғолиб бўлмас. Ва агар сизларни ёрдамсиз қўйса, Ундан ўзга ҳеч бир зот ёрдамчи бўлмас. Иймон келтирган зотлар Аллоҳнинг Ўзигагина таваккал қилсинлар!

3:161 Ҳеч бир пайғамбар учун (урушдан тушган ўлжаларга) хиёнат қилиш жоиз эмас. Ким хиёнат қилса, Қиёмат Кунида (Аллоҳнинг ҳузурига) қилган хиёнати билан бирга келур. Сўнгра ҳар бир жон мазлум бўлмаган ҳолида қилган амалига комил жазо олғай.

3:162 Аллоҳнинг ризолигини истаган киши, Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган, борар жойи жаҳаннам бўлган кимса каби бўладими?! Нақадар ёмон оқибат бу!

3:163 Улар Аллоҳнинг ҳузурида ҳар ҳил даража-манзилатларда бўлурлар. Аллоҳ улар қилаётган амалларни кўргувчидир.

3:164 Албатта, Аллоҳ мўминларга ўзларидан бўлган (яъни, одам жинсидан бўлган), уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган, (гуноҳларидан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва ҳикматни ўргатадиган пайғамбарни юбориш билан яшилик қилди. Зеро, улар илгари очиқ хато-залолатда эдилар.

3:165 (Эй мўминлар), агар сизларга (Уҳудда душман томонидан) бир мусибат етса — ҳолбуки, сизлар (Бадр жангида) унга икки баробар мусибат етказган эдингиз — «Бу бало қайдан келди?», дейсизларми?! (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), уларга: «Бу мусибат — мағлубият ўз қилмишларингиздан», деб айтинг! Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир.