>

Алоуддин Мансур — 7

2:38 «У жойдан (жаннатдан) ҳаммангиз тушинг», дедик. «Бас, сизларга Мен тарафдан ҳидоят келганида, шу ҳақ йўлга эргашган кишиларга хавфу хатар йўқ ва улар ғамгин бўлмайдилар».

2:39 Оятларимизни инкор қилиб, ёлғон деган кимсалар эса дўзах эгалари бўлиб, унда абадий қолажаклар.[9]

2:40 Эй Бани Исроил, сизларга инъом қилган неъматимни эсланг ва Менга берган ваъда — аҳдга вафо қилинг. Шунда Мен ҳам аҳдга вафо қиламан. Ва Мендангина қўрқинглар.

2:41 Сизлардаги нарсани (Тавротни) тасдиқ этган ҳолда нозил қилган нарсам (Қуръонга) иймон келтирингиз. Уни биринчи инкор қилувчилардан бўлмангиз. Ва оятларимни қиймати оз нарсаларга алмаштирманглар ва Мендангина қўрқинглар.

2:42 Ҳақни ботилга аралаштирманглар ва билган ҳолингизда ҳақни беркитманглар.

2:43 Намозни тўкис адо қилинг, закотни беринг ва руку қилгувчилар билан бирга руку қилинг.

2:44 Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, ўзларингиз китоб (Таврот) тиловат қиласизлар. Ақлингизни юргизмайсизларми?

2:45 Сабр ва намоз ўқиш билан мадад сўранглар. Албатта у (намоз ўқиш) оғир ишдир. Магар шикастанафс зотларга (оғир эмасдир).

2:46 Улар ўзларининг Парвардигорларига рўбарў бўлишларини ва шубҳасиз, Унга қайтажакларини биладиган зотлардир.

2:47 Эй Бани Исроил, сизларга инъом қилган неъматимни ва сизларни бутун оламдан афзал қилган пайтимни эсланглар!

2:48 Биров биров томонидан ҳеч нарса ўтай олмайдиган, ҳеч кимдан оқлов қабул қилинмайдиган ва (гуноҳлари учун) эваз ҳам олинмайдиган – ёрдам берилмайдиган Кундан қўрқинглар!