>

Алоуддин Мансур — 69

3:149 Эй мўминлар, агар кофирларга итоат қилсангиз, сизларни кетингизга (куфрга) қайтарадилар. Бас, зиён кўргувчиларга айланиб қоласизлар.

3:150 Йўқ, (улар сизларнинг дўстингиз эмас, балки) Аллоҳ Хожангиздир. Ва У зот энг яхши ёрдамчидир.

3:151 (Илоҳ эканлигига) ҳеч қандай ҳужжат-далил келмаган нарсани (яъни, жонсиз бутларни) Аллоҳга шерик қилганлари сабабли кофирларнинг дилларига қўрқув солажакмиз. Уларнинг борар жойлари жаҳаннамдир, зулм қилгувчиларнинг жойлари нақадар ёмон жой!

3:152 Аллоҳ ўз ваъдасининг устидан чиқди — сизлар Унинг изни билан кофирларни қира бошладингиз. То сусткашлик қилиб, (Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломнинг) амру фармонлари борасида талашиб-тортишган ва Аллоҳ сизлар яхши кўрган нарсани (яъни, ғалабани) кўзингизга кўрсатиб қўйганидан кейин пайғамбарнинг амридан бош тортган пайтингизгача (бу устунликларингиз давом этди). Орангизда дунё истаган кишилар ҳам, Охират истаган кишилар ҳам бор эди. Сўнгра сизларни имтиҳон қилиш учун уларнинг (устидан ғалаба қилиш ўрнига мағлубият томонга) буриб юборди. Энди гуноҳларингизни афв қилди. Аллоҳ иймон эгаларига фазлу марҳамат соҳиби бўлган Зотдир.[25]

3:153 (Эй мўминлар), ҳеч кимга боқмай (жанг майдонидан) чиқиб кетган пайтингизни эсланг! Ҳолбуки пайғамбар ортингизда сизларни чорламоқда эди. Бас (ғалаба, ўлжалар янглиғ) сизлардан кетган нарсаларга ва (мағлубият, қурбонлар каби) сизларга етган нарсаларга хафа-ғамгин бўлмасликларингиз учун Аллоҳ сизларга ғам устига ғам берди. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.