Алоуддин Мансур — 68
3:141 Ва токи Аллоҳ иймон келтирган зотларни (гуноҳларидан) поклаш ва кофирларни ҳалок қилиш учун (бу кунларни одамлар орасида айлантириб туради).
3:142 (Эй мўминлар), ёки Аллоҳ сизларнинг ичингиздан ким ҳақ йўлда курашган-у, ким сабр-тоқат қилганини мутлақо билмай туриб жаннатга кирамиз, деб ўйладингизми?!
3:143 Ўлимга рўбарў бўлишингиздан илгари уни орзу қилар эдингиз. Мана энди (яъни, Уҳудда) уни кўзингиз билан кўриб турибсиз.
3:144 Муҳаммад фақат бир пайғамбар, холос. Ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтгандир. Бас, агар у (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) вафот қилса ёки ўлдирилса, орқангизга (куфрга) қайтиб кетасизми?! Кимда-ким орқасига қайтиб кетса, Аллоҳга бирон зиён етказа олмас, (балки фақат ўзига зарар қилади, холос). Аллоҳ эса (йўлларидан қайтмай) шукр қилгувчи бандаларини муносиб мукофотлайди.
3:145 Ҳар бир жон фақат Аллоҳнинг изни билан ва аниқ белгилаб қўйилган муддатда ўлади. Ким дунё савобини истаса (яъни, фақат ўлжа истаб жангга кирса) унга ўша истаган нарсасини берурмиз. Ким Охират савобини истаса, унга-да истаган нарсасини берурмиз. Ва шукр қилгувчиларни муносиб мукофотлаймиз.[24]
3:146 Қанчадан-қанча пайғамбарлар ўтганки, улар билан биргаликда кўпдан-кўп художўйлар (кофирларга қарши) жанг қилганлар. Ҳамда Аллоҳ йўлида ўзларига етган машаққатлар сабабли сусткашлик-заифлик қилмаганлар ва (кофирларга) бўйин эгмаганлар. Аллоҳ мана шундай сабр қилгувчиларни севади.
3:147 Уларнинг айтган гаплари фақат шундан иборат эди: «Парвардигоро, гуноҳларимизни ва ишларимиздаги хатоларимизни мағфират айла, (жанг майдонида) қадамларимизни собит қил ва бу кофир қавм устига Ўзинг бизни ғолиб қил!»
3:148 Бас, Аллоҳ уларга ҳам бу дунё савобини (ғалаба ва мол-давлатни) ва ҳам Охиратдаги гўзал ажрни (жаннатни) ато қилди. Аллоҳ чиройли амал қилгувчиларни севади.