Алоуддин Мансур — 66
3:122 Ўша пайт сизларнинг орангиздан икки гуруҳ умидсизликка туша бошлади. Ҳолбуки, Аллоҳ уларга ёр эди. Бас, мўминлар ёлғиз Аллоҳгагина суянсинлар![21]
3:123 Ахир Аллоҳ Бадр жангида кучсиз бўлсангиз-да, сизларни ғолиб қилди-ку. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз! Шунда шояд (унинг неъматларига) шукр қилгайсиз.
3:124 Мўминларга: «Парвардигорингиз сизларга уч минг кўкдан туширилган фаришта билан мадад бериши кифоя қилмайдими?», деган пайтингизни эсланг!
3:125 Йўқ, (кифоя қилур). Агар сабр қилсангизлар ва Аллоҳдан қўрқсангизлар ва улар (кофирлар) шу онда сизларга ҳужум қилсалар, Парвардигорингиз сизларга беш минг белгили фаришта билан мадад берур.
3:126 Бу (мададни) Аллоҳ фақат сизларга хушхабар бўлсин, деб ва дилларингиз таскин топишлиги учун қилди. Аслида ғалаба фақат қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган Аллоҳ ҳузуридан келур.
3:127 Кофирларнинг бир қисмини ҳалок қилиш ёки мағлуб қилиб, ноумид ҳолда қайтариш учун (Аллоҳ сизларни ғолиб қилди).[22]
3:128 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Сиз учун бу ишда (яъни, бандаларга нажот бериш ёки уларни ҳалок қилиш ишида) ҳеч бир нарса (яъни, инон-ихтиёр) йўқдир. (Аллоҳнинг Ўзи) ё уларнинг тавбаларини қабул қилар ёки золимликлари сабабли азоблар.[23]
3:129 Осмонлар ва Ердаги бор нарса Аллоҳникидир. У Зот Ўзи истаган кишининг гуноҳларини мағфират қилур ва Ўзи истаган кимсани азоблар. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир.
3:130 Эй мўминлар, (берган қарзларингизни) бир неча баробар қилиб олиш билан судхўрлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! (Шунда) шояд нажот топгайсиз.
3:131 Ва кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқингиз!
3:132 Аллоҳ ва пайғамбарга итоат қилингиз. Шояд Аллоҳнинг раҳматига мушарраф бўлсангиз.