>

Алоуддин Мансур — 64

3:109 Осмонлардаги бор нарсалар ва Ердаги бор нарсалар Аллоҳникидир. Ва барча ишлар ёлғиз Аллоҳга қайтарилажак.

3:110 (Эй уммати Муҳаммад), сизлар одамлар учун чиқарилган миллатларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро сизлар яхши амалларга буюрасиз, ёмон амаллардан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли китоб ҳам иймон келтирганда эди, ўзлари учун яхши бўларди. Улардан мўминлари ҳам бор ва (лекин) уларнинг кўплари итоатсиз кимсалардир.[18]

3:111 Улар сизларга озор беришдан бошқа ҳеч қандай зарар етказа олмайдилар. Агар сизлар билан урушсалар, орқаларига қараб қочадилар. Сўнгра уларга (ҳеч ким томонидан) ёрдам берилмайди.

3:112 Агар Аллоҳнинг ва одамларнинг (яъни, мусулмонларнинг) аҳди паноҳида бўлмасалар, албатта уларга қаерда бўлмасинлар, хор-зорлик битиб қўйилди. Улар Аллоҳнинг ғазаби билан кетдилар ва уларга бечораҳоллик ёзиб қўйилди. Бунга сабаб уларнинг Аллоҳ оятларига кофир бўлганликлари ва пайғамбарларни ноҳақ ўлдирганликларидир. Бунга сабаб уларнинг қилган исёнлари ва тажовузкор бўлганларидир.

3:113 (Аҳли китобнинг ҳаммаси ҳам) баробар эмас. Аҳли китоб орасида сажда қилган ҳолларида тунлари Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган Тўғри Йўлдаги жамоат ҳам бор.

3:114 (Ўша зотлар) Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирадилар, яхши амалларга буюриб, ёмон амаллардан қайтарадилар ва яхшилик қилишга шошиладилар. Ана ўшалар солиҳ бандалардандирлар.

3:115 Улар қилган бирон яхшилик беркитилмайди (яъни, зое бўлмайди). Аллоҳ тақводорларни билгувчидир.