>

Алоуддин Мансур — 63

3:101 Аллоҳнинг оятлари сизларга тиловат қилинаётган, Унинг пайғамбари орангизда бўлган бир пайтда қандай қилиб диндан қайтасиз?! Ким Аллоҳга боғланса (яъни, Унинг динини маҳкам ушласа) бас, муҳаққақки, Тўғри Йўлга ҳидоят қилинибди.

3:102 Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!

3:103 Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз! Ҳамда Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эсланг: бир-бирингизга душман бўлган пайтларингизда дилларингизни ошно қилиб қўйди-ю, сизлар Унинг неъмати сабаб биродарларга айландингиз. Ва дўзах чоҳининг ёқасида турган эдингиз, сизларни ундан халос қилди. Ҳақ йўлни топишингиз учун Аллоҳ сизларга ўз оятларини мана шундай баён қилади.

3:104 Ораларингиздан яхшиликка (Исломга) даъват қиладиган, ибодат-итоатга буюрадиган ва исён-гуноҳдан қайтарадиган бир жамоат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир.

3:105 Аниқ ҳужжатлар келганидан кейин бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф қилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз! Ана ундайлар учун улуғ азоб бордир.

3:106 (Қиёмат) Кунида (мўминларнинг) юзлари оқ бўлур, (кофирларнинг) юзлари қора бўлур. Энди юзлари қора бўлган кимсаларга: «Иймон келтиргандан кейин яна диндан чиқдингизми? Бас, кофир бўлганингиз касофатига мана бу азобни тотиб кўрингиз», дейилур.

3:107 Юзлари оқ бўлган зотлар эса Аллоҳнинг раҳмати (жаннати)да бўлиб, ўша жойда абадий қолажаклар.

3:108 Булар Аллоҳнинг оятларидир. Сизга уларни ҳақ-рост тиловат қилмоқдамиз. Аллоҳ барча оламларга (яъни, ҳеч кимга) бирон зулм қилишни истамас.