>

Алоуддин Мансур — 61

3:84 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), «Аллоҳга, бизга нозил қилинган нарсага (Қуръонга) ва Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг уруғ-авлодларига нозил қилинган нарсаларга ва Мусо, Ийсо ҳамда барча пайғамбарларга Парвардигорлари томонидан берилган нарсаларга иймон келтирдик. У пайғамбарлардан бирортасини ажратиб қўймаймиз. Ва биз Унинг Ўзигагина бўйсунгувчилармиз», деб айтинг.

3:85 Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у Охиратда зиён кўргувчилардандир.

3:86 Иймон келтириб, пайғамбарнинг ҳақ пайғамбар эканлигига гувоҳ бўлишганидан кейин ва уларга далил-оятлар келганидан кейин кофир бўлган кимсаларни Аллоҳ қандай ҳидоят қилсин?! Аллоҳ зулм қилгувчи қавмни ҳидоят қилмайди.

3:87 Уларнинг жазоси — устларига тушажак Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча одамларнинг лаънатидир.

3:88 Улар азоблари енгиллатилмаган ҳолда дўзахда абадий қолгувчилардир ва уларга (бу азоб бирон лаҳза) кечиктирилмайди.

3:89 Магар шундан (яъни, куфрларидан) кейин тавба қилиб, ўзларини ўнгласалар (Аллоҳ гуноҳларини мағфират қилур). Чунки Аллоҳ мағфират қилгувчи, меҳрибондир.

3:90 Албатта иймон келтирганларидан кейин кофир бўлган, сўнгра куфрлари янада зиёда бўлган кимсаларнинг қилган тавбалари ҳаргиз қабул қилинмайди. Ана ўшалар адашганлардир.

3:91 Албатта кофир бўлган ва кофир ҳолда ўлган кимсалар, агар улардан биронтаси Ер юзи тўла олтинни тўлов қилиб берса ҳам ҳаргиз қабул қилинмас. Ундай кимсалар учун аламли азоб бордир. Ва улар учун ҳеч қандай ёрдамчи бўлмас.