>

Алоуддин Мансур — 604

112:1 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «У — Аллоҳ Бирдир. (Яъни, Унинг ҳеч қандай шериги йўқдир. У яккаю ёлғиздир).

112:2 Аллоҳ (барча ҳожатлар билан) кўзлангувчидир (яъни, барча ҳожатлар Ундан сўралади, аммо У ҳеч кимга муҳтож эмасдир).

112:3 У туғмаган ва туғилмагандир (яъни, Аллоҳнинг ўғил-қизи ҳам, ота-онаси ҳам йўқдир. У азалий ва абадий Зотдир).

112:4 Ва ҳеч ким У зотга тенг эмасдир».

113:1 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Мен тонг Парвардигоридан (менга) паноҳ беришини сўраб илтижо қилурман;

113:2 — Ўзи яратган нарсаларнинг ёмонлигидан;

113:3 — Зулматга чўмган кечанинг ёмонлигидан;

113:4 — Тугунларга дам солгувчи (жодугар)ларнинг ёмонлигидан;

113:5 — Ва ҳасад қилаётган ҳасадгўйнинг ёмонлигидан (паноҳ беришини сўраб илтижо қилурман»).

114:1 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Мен барча инсонларнинг Парвардигоридан,

114:2 Барча инсонларнинг Подшоҳидан,

114:3 Барча инсонларнинг Илоҳидан (менга) Ўзи

114:4 (Қачон Аллоҳнинг номи зикр қилинганида) яшириниб оладиган васвасачи (шайтон)нинг ёмонлигидан паноҳ беришини сўраб илтижо қилурманки,

114:5 У инсонларнинг дилларига васваса соладиган,

114:6 Жин ва инсонлардан бўлган (шайтондир. Ўшанинг ёмонлигидан паноҳ беришини сўраб илтижо қилурман).