>

Алоуддин Мансур — 600

100:6 Шак-шубҳасиз, (кофир) инсон Парвардигори (унга ато этган неъматлар)га кўрнамаклик қилгувчидир.

100:7 Ва шак-шубҳасиз, у бунга (ўзининг бу ношукурлигига) гувоҳдир.

100:8 Ва шак-шубҳасиз, у мол-дунё муҳаббатига жуда қаттиқ (берилгувчи)дир.

100:9 Ахир у билмасмики, (Қиёмат қойим бўлиб), қабрларнинг ичидаги нарсалар (жасадларга қайта жон ато этилиб, ташқарига) чиқарилганида;

100:10 Ва диллардаги сирлар ошкор қилинганида;

100:11 Ана ўша Кунда шак-шубҳасиз, Парвардигорлари улардан (яъни, барча халойиқнинг ҳаёти дунёда қилиб ўтган ишларидан) огоҳ-хабардор-ку![1]

101:1 (Ўз даҳшатлари билан кишилар қалбини) қаттиқ қоққувчи (Қиёмат)!

101:2 У қаттиқ қоққувчи недур?!

101:3 (Эй инсон), қаттиқ қоққувчи (Қиёмат) нима эканлигини сен қаердан билар эдинг?!

101:4 У Кунда одамлар тўзғитиб юборилган парвоналар каби бўлиб қолурлар! (Яъни, қабрларидан чиқишиб, Қиёмат даҳшатидан ўзларини ҳар ёнга уриб-тўзиб кетадилар)!

101:5 Тоғлар эса титилган жун каби (осмонда учиб юрадиган) бўлиб қолур!

101:6 Бас, энди (у кунда) кимнинг тортилган (яхши амаллари) оғир келса,

101:7 Яна ўша (ҳар бир инсон) рози бўладиган — орзу қиладиган ҳаётда бўлур.

101:8 Энди кимнинг тортилган (яхши амаллари) енгил келса,

101:9 Унинг жойи «жарлик»дир!

101:10 Унинг нима эканини қаердан ҳам билар эдинг?!

101:11 (У) қизиган дўзахдир!

102:1 (Эй инсонлар), сизларни (мол-дунё) тўплаб-кўпайтириш машғул қилди!

102:2 Сизлар то қабрларни зиёрат қилгунларингизча (яъни, ўлиб, қабрга киргунларингизча сизларни мол-дунё тўплаб-кўпайтириш машғул қилди!)[1]

102:3 Йўқ, сизлар яқинда (бу қилмишларингизнинг оқибатини) билурсизлар!

102:4 Яна бир бор йўқ, сизлар яқинда билурсизлар.

102:5 Йўқ, агар сизлар (дунёга қул бўлиб қолишнинг оқибати нима эканлигини) аниқ билиш билан билсаларингиз эди, (унга қул бўлиб қолмас эдингизлар)!

102:6 Қасамки, албатта сизлар дўзахни кўрурсизлар!

102:7 Яна бир бор қасамки, сизлар уни аниқ кўриш билан кўрурсизлар!

102:8 Сўнгра ана ўша Кунда албатта (ҳаёти дунёда сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида масъул бўлурсизлар.