>

Алоуддин Мансур — 60

3:78 Улардан (яҳудийлардан) яна бир гуруҳи борки, сизлар Китобдан (Тавротдан) бўлмаган нарсани Китобдан деб ўйлашингиз учун Таврот китобини тилларини бураб (бузиб-ўзгартириб) ўқийдилар ва Аллоҳнинг ҳузуридан келмаган (ўзларининг сўзларини) «Аллоҳнинг ҳузуридан келган», дейдилар. Улар билиб туриб Аллоҳ ҳақида ёлғон сўзлайдилар.

3:79 Бирор одам учун Аллоҳ унга Китоб, ҳикмат ва пайғамбарлик берганидан сўнг, одамларга: «Аллоҳга эмас, менга ибодат қилинглар», дейиши жоиз эмас, балки уларга: «Аллоҳнинг китобини одамларга таълим бериб ва ўзингиз ўқиб-ўрганиб, ёлғиз Парвардигорга ибодат қиладиган кишилар бўлинглар» (демоғи лозимдир).[16]

3:80 У (пайғамбар) сизларни фаришталар ва бошқа пайғамбарларни худо қилиб олишингизга буюриши ҳам жоиз эмас. Ахир у сизларни мусулмон — Аллоҳга бўйсунгувчи бўлганингиздан кейин куфр — динсизликка қайтишга буюрадими?!

3:81 Эсланг (эй аҳли китоб), Аллоҳ барча пайғамбарлардан: «Мен сизларга қандай Китоб ва ҳикмат бермайин, кейин сизларнинг пайғамбарлигингизни тасдиқ этувчи бир пайғамбар (яъни Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) келгач, албатта унга иймон келтирурсиз ва ёрдам берурсиз», деб аҳд-паймон олгач, уларга: «Мана шу аҳд-паймонимни иқрор бўлиб қабул қилдингизларми?», деди. У пайғамбарлар: «Иқрормиз», деб жавоб қилишгач, Аллоҳ айтди: «Гувоҳ бўлингиз! Мен ҳам сизлар билан гувоҳ бўлгувчиларданман».

3:82 Бас, ким шундан кейин ҳам (аҳд-паймондан) юз ўгирса, ана ўшандай кимсалар фосиқ — бузуқилардир.

3:83 Аллоҳнинг динидан ўзга дин истайдиларми?! Ахир осмонлару Ердаги барча жонзот истаса-истамаса Унга бўйсуниб турибди-ку! Ўшалар (яъни, Аллоҳнинг динига итоат қилишни хоҳламаётганлар) ҳам фақат Унинг Ўзига қайтариладилар-ку!