Алоуддин Мансур — 6
2:30 Эсланг, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Парвардигорингиз фаришталарга: «Мен Ерда (Одамни) халифа қилмоқчиман», деганида улар айтдилар: «У Ерда бузғунчилик қиладиган, қонлар тўкадиган кимсани (халифа) қиласанми? Ҳолбуки, биз ҳамду сано айтиш билан Сени улуғлаймиз ва Сенинг номингни мудом пок тутамиз». (Аллоҳ) айтди: «Албатта Мен сизлар билмаган нарсаларни биламан».
2:31 Ва У зот Одамга барча нарсаларнинг исмларини ўргатди. Сўнгра уларни фаришталарга рўбарў қилиб деди: «Агар халифаликка биз ҳақдормиз, деган сўзларингиз рост бўлса, мана бу нарсаларнинг исмларини Менга билдиринг!»
2:32 Улар айтдилар: «Эй пок Парвардигор, биз фақат Сен билдирган нарсаларнигина биламиз. Албатта, Сен ўзинг илму ҳикмат соҳибисан».
2:33 (Аллоҳ); «Эй Одам, буларга у нарсаларнинг исмларини билдир», деди. (Одам) уларга барча нарсаларнинг исмларини билдирганидан кейин (Аллоҳ) айтди: «Сизларга, Мен Еру-осмонларнинг сирларини ва сизлар ошкор қилган ва яширган нарсаларни биламан, демаганмидим?»
2:34 Эсланг, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз фаришталарга Одамга таъзим қилинг дейишимиз билан саждага эгилдилар. Фақат Иблис кибр ва ор қилиб — кофирлардан бўлди.
2:35 Ва айтдик: «Эй Одам, сиз жуфтингиз билан жаннатни маскан тутинг ва ундан хоҳлаган жойларингизда бемалол таомланинг. Фақат мана бу дарахтга яқинлашмангки, у ҳолда золимлардан бўлиб қоласиз».
2:36 Бас, уларни шайтон йўлдан оздириб, масканларидан чиқарди ва айтдик: «Тушингиз (жаннатдан Ерга)! (Сизлар) бир-бирингизга душмансиз. Энди маълум вақтгача (ажалларингиз етгунча) Ерда маскан тутиб яшайсиз».
2:37 Кейин, Одам Парвардигори тарафидан бир неча сўзлар (фармонлар) қабул қилиб олганидан сўнг, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилди. Албатта У тавбаларни қабул қилгувчи меҳрибон зотдир.