Алоуддин Мансур — 598
96:13 Хабар бергин-чи, агар у (намоздан тўсгувчи кимса Аллоҳнинг китобини) ёлғон деса ва (у Китобга иймон келтиришдан) юз ўгирса,
96:14 албатта Аллоҳ (унинг барча қилмишларини) кўриб туришини билмасми?![2]
96:15 Йўқ! Қасамки, агар у (бундай гумроҳликдан) тўхтамаса, албатта Биз унинг пешона сочидан тутармиз,
96:16 — ўша ёлғончи, адашган пешона сочидан тутармиз-да, (жаҳаннамга отурмиз)!
96:17 Бас, у ўзининг жамоасини (ёрдамга) чақираверсин!
96:18 Биз эса азоб фаришталарини чақиражакмиз!
96:19 Йўқ! (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз унга итоат этманг ва (ёлғиз) Аллоҳга сажда-ибодат қилиб, (У зотга) яқин бўлинг![3]
97:1 Албатта Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик.
97:2 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Қадр кечаси нима эканлигини сиз қаердан билар эдингиз?
97:3 Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир.[1]
97:4 У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (яъни, Жаброил алайҳиссалом) Парвардигорларининг изни-ихтиёри ила (йил давомида қилинадиган) барча ишлар билан (осмондан заминга) тушурлар.
97:5 У (кеча) то тонг отгунича тинчлик-омонликдир.
98:1 Аҳли китобдан ва мушриклардан бўлган кофир кимсалар то уларга очиқ ҳужжат келгунича (куфрдан) ажрагувчи бўлмадилар.
98:2 (У очиқ ҳужжат) Аллоҳ томонидан (юборилган) бир пайғамбар (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом бўлиб, уларга) покиза саҳифаларни (яъни, Қуръонни) тиловат қилур.
98:3 У (Қуръонда) энг тўғри ёзувлар — ҳукмлар бордир.[1]
98:4 Китоб ато этилган кимсалар фақат уларга очиқ ҳужжат — пайғамбар келганидан кейингина бўлиниб кетдилар (яъни, айримлари ўша ўзлари кутган пайғамбарга иймон келтирдилар, айримлари эса унга кофир бўлдилар)!
98:5 Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, У зот учун динни холис қилган, Тўғри Йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга ҳамда закотни (ҳақдорларга) ато этишга буюрилган эдилар. Мана шу Тўғри (Йўлдаги миллатнинг) динидир.