Алоуддин Мансур — 595
90:19 Бизнинг оятларимизга кофир бўлган кимсалар эса чап томон эгаларидир!
90:20 Уларнинг устида қопланиб қолгувчи олов-дўзах бўлур!
91:1 Қуёш ва унинг ёғдусига қасам.
91:2 У (қуёш)нинг ортидан келган ойга қасам.
91:3 У (қуёшни оламга) ошкор қилган кундузга қасам.
91:4 У (қуёшни ўз зулмати билан) ўраб-яширган кечага қасам.
91:5 Осмонга ва уни бино қилган Зотга қасам.
91:6 Ерга ва уни ёйиб-текис қилиб қўйган Зотга қасам.
91:7 Жонга ва уни расо қилиб-яратган,
91:8 Унга фисқ-фужурини ҳам, тақвосини ҳам илҳом қилиб-ўргатиб қўйган Зотга қасамки,
91:9 Дарҳақиқат, уни (яъни, ўз нафсини-жонини иймон ва тақво билан) поклаган киши нажот топди.
91:10 Ва у (жонни фисқ-фужур билан) кўмиб хорлаган кимса номурод бўлди.[1]
91:11 Самуд (қабиласи) ҳаддан ошганлари сабабли (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилишди.
91:12 Эсланг, уларнинг энг бадбахтлари (туяни сўйиш учун) қўзғалганларида,
91:13 Аллоҳнинг пайғамбари (Солиҳ алайҳиссалом) уларга: «Аллоҳнинг туяси(ни сўйиб юбориш)дан ва уни суғориш(га тўсиқ бўлиш)дан сақланинглар!», деди.
91:14 Бас, улар (Пайғамбарни) ёлғончи қилишиб, у (туя)ни сўйиб юборган эдилар, Парвардигорлари ўзларининг гуноҳлари сабабли устларига қирғин юбориб, уни (қирғинни барчаларига) баробар қилди.
91:15 (Зотан, Аллоҳ таоло бу ишининг) оқибатидан қўрқмас![2]
92:1 (Борлиқни ўз зулмати билан) ўраб келаётган кечага қасам;
92:2 Ёришиб-кўринган кундузга қасам;
92:3 Эркак ва аёлни яратган зотга қасамки,
92:4 Шак-шубҳасиз, сизларнинг саъй-ҳаракатларингиз хилма-хилдир.
92:5 Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садақотларни) ато этса ва (Аллоҳдан) қўрқса;
92:6 Ҳамда гўзал оқибатни (яъни, жаннат бор эканини) тасдиқ этса;
92:7 Бас, Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз.[1]
92:8 Энди ким (Аллоҳ йўлида хайр-саховат кўрсатишдан) бахиллик қилса ва (ўзини Аллоҳ ҳузуридаги ажр-мукофотлардан) беҳожат билса;
92:9 Ҳамда гўзал оқибатни (яъни, Аллоҳ ваъда қилган жаннатни) ёлғон деса;