>

Алоуддин Мансур — 594

89:23 (Кофирлар кўришлари учун) ўша Кунда жаҳаннамни ҳам (яқин) келтириб қўйилганда — ана ўша Кунда инсон (бу кўрганларидан) эслатма-ибрат олур! (Аммо у Кунда) бу эслатма-ибратнинг фойдаси) қаёқдан тегсин?!

89:24 У: «Эҳ, кошки эди мен ҳаёт вақтимда (яхши амаллар) қилиб ўтган бўлсам», деб қолур!

89:25 У Кундаги (Аллоҳнинг) азоби каби ҳеч ким азоблай олмас!

89:26 Ва У зотнинг (кишан ва занжирлар билан) боғлаши каби ҳеч ким боғлай олмас!

89:27 (У Кунда ҳаёти дунёдан Аллоҳ таолонинг ваъдасига ишониб иймон ва эзгу амаллар билан ўтган мўминларга хитоб қилиниб, дейилур): «Эй хотиржам-сокин жон,

89:28 Сен (Аллоҳ ато этган неъматлардан) рози бўлган (ва Аллоҳ таоло томонидан сенинг амалларингдан) рози бўлинган ҳолда Парвардигоринг (ҳузури)га қайт!

89:29 Бас, (солиҳ) бандаларим қаторига киргин,

89:30 Ва Менинг жаннатимга киргин!»

90:1 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), мана шу шаҳарга,

90:2 — Ҳолбуки сиз ҳам мана шу шаҳарда яшайсиз,

90:3 — Ҳамда ота ва ундан бўлган болаларга (яъни, Одам алайҳиссалом ва унинг барча зурриётларига) қасамёд қилурманки.

90:4 Дарҳақиқат, Биз инсонни меҳнат-машаққатга яратдик.[1]

90:5 У ўзига ҳеч кимнинг кучи етмайди, деб ўйларми?!

90:6 У (мақтаниб): «Жуда кўп мол-дунёни (сарфлаб) йўқ қилдим», дер.

90:7 У ўзини (риёкорлик билан мол-дунё совураётган пайтида) ҳеч ким кўрмаган, деб ўйларми?! (Йўқ, Аллоҳ таоло ҳар вақт, ҳар нарсани кўриб-билиб турур!)

90:8 Ахир Биз унга икки кўз,

90:9 тил ва икки лаб (ато) қилмадикми?!

90:10 Ва Биз уни икки баландликка (яъни, яхшилик ёки ёмонлик довонларини ошиб ўтишга) йўллаб қўйдик-ку![2]

90:11 Бас, у (мақтанчоқ кимса яхшилик) довонини ошиб ўтмади!

90:12 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), довон (ошиши) нима эканини сиз қаердан билар эдингиз?

90:13 (У бир қул) бўйнини (қулликдан) озод қилмоқ,

90:14 Ёки очарчилик кунида таом бермоқдир.

90:15 — Бирон қардош етимга;

90:16 — Ё муҳтож бечора-мискинга (таом бермоқдир).

90:17 Сўнгра у (мақтанчоқ кимса) иймон келтирган ва бир-бирларига (тоат-ибодатини адо этишдаги машаққатларга) сабр-қаноат қилишни тавсия этган, бир-бирларига (Аллоҳнинг бандаларига) меҳр-мурувват кўргазишни тавсия этган зотлардан бўлмади!

90:18 Ана ўша (яъни, юқоридаги фазилатларга эга бўлган) зотлар ўнг томон эгаларидир (яъни, Охират Кунида ишлари ўнгдан келгувчи саодатманд кишилардир).