>

Алоуддин Мансур — 593

88:23 Илло ким (бу панд-насиҳатдан) юз ўгириб, кофир бўлса;

88:24 У ҳолда Аллоҳ уни энг катта азоб билан азоблар!

88:25 Зеро, ёлғиз Ўзимизга қайтишлари бордир!

88:26 Сўнгра уларни ҳисоб-китоб қилиш (жазо бериш) ҳам ёлғиз Бизнинг зиммамиздадир!

89:1 Тонгга қасам.

89:2 (Зул-ҳижжа ойидаги аввалги) ўн кечага қасам.

89:3 Жуфт ва тоқ (ракаатли намозлар)га қасам.

89:4 Ўтиб бораётган кечага қасамки, (албатта кофирлар азобга гирифтор бўлурлар)!

89:5 Мана шу (қасам ичилган нарсаларда) ақл эгаси учун (етарли) қасам бордир?!

89:6 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Парвардигорингиз Од (қабиласи)ни қандай (ҳалокатга дучор) қилганини кўрмадингизми?

89:7 (Улар) баланд устун(ли қаср)лар эгаси бўлган Иром (шаҳрида яшаган Од қабиласини қандай ҳалокатга дучор қилганини кўрмадингизми?).

89:8 У (шаҳар бошқа) юртларда ўхшаши яратилмаган эди.

89:9 (Қуро) водийсида харсанг тошларни кес(иб ўзларига уйлар солиб ол)ган кимсалар бўлмиш Самуд (қабиласини қандай ҳалокатга дучор қилганини-чи)?

89:10 Қозиқлар (яъни, ерга қозиқдек қоқилган баланд эҳромлар ва қасрлар) эгаси бўлган Фиръавнни (қандай ҳалокатга дучор қилганини-чи)?

89:11 Улар юртларида ҳадларидан ошиб,

89:12 у жойларда бузғунчиликни кўпайтириб юборган эдилар.

89:13 Бас, Парвардигорингиз уларнинг устига турли азоб-офатни ёғдирди!

89:14 Шак-шубҳасиз, Парвардигорингиз (барча нарсани) кузатиб тургувчидир.[1]

89:15 Бас, энди инсон — қачон Парвардигори уни имтиҳон қилиб, азиз қилиб қўйса ва унга неъмат ато этса дарҳол: «Парвардигорим (иззат-ҳурматга лойиқ бўлганим учун) мени азиз қилди», дер.

89:16 Энди қачон (Парвардигори) уни имтиҳон қилиб, ризқини танг килиб қўйса, дарҳол: «Парвардигорим мени хор қилди», дер.

89:17 Йўқ, (сизлар гумон қилганларингиздек иззат-икром бойлик билан, хор-зор қилиш — камбағаллик билан бўлмас)! Йўқ, сизлар етимни иззат-икром қилмассизлар![2]

89:18 Мискин-бечорага таом беришга ҳам бир-бирларингни тарғиб қилмассизлар!

89:19 Меросни эса (ўзларингизнинг улушингизга ўзгаларникини ҳам) қўшиб ейиш билан еяверурсизлар!

89:20 Яна мол-дунёни қаттиқ муҳаббат билан яхши кўрурсизлар!

89:21 Йўқ, (бундай кирдикорларингиздан қайтингиз)! Қачон Ер (зилзилага тушиб, барча нарса) чилпарчин қилинганда;

89:22 Парвардигорингиз ва фаришталар саф-саф бўлиб келганда;