>

Алоуддин Мансур — 592

87:11 Бадбахт кимса эса ўзини у (насиҳат)дан четга олур.

87:12 Катта ўтга (дўзахга) кирадиган (бадбахт кимса ўзини насиҳатдан четга олур).

87:13 Сўнгра у жойда на ўла олур ва на яшай олур!

87:14 Дарҳақиқат, (куфру исёндан) пок бўлган киши нажот топгандир.

87:15 Ва Парвардигорининг номини ёд этиб намоз ўқиган (ҳар бир киши нажот топгандир).

87:16 Йўқ, сизлар (эй кофирлар), ҳаёти дунёни устун қўюрсизлар!

87:17 Ҳолбуки, Охират яхшироқ ва боқийроқдир.

87:18 Дарвоқеъ, бу (сурада мазкур бўлган панд-насиҳатлар) аввалги (пайғамбарларга нозил бўлган) саҳифаларда

87:19 — Иброҳим ва Мусо саҳифаларида ҳам бордир.

88:1 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сизга ўраб олгувчи (Қиёмат Куни) ҳақидага хабар келдими?

88:2 У Кунда (кофирларнинг) юзлари эгилиб қолгувчи.

88:3 (Бўйин ва қўл-оёқлари кишан ва занжирларни судраш билан) меҳнат-машаққат чеккувчидир.

88:4 (Улар) қизиган дўзахга кирур!

88:5 Қайнаб турган булоқдан суғорилур!

88:6 Улар учун бирон таом бўлмас, (уларнинг емишлари) фақат зорийъдан (заҳарли ва бадбўй тикансимон ўсимлик) бўлур!

88:7 У (еган кимсани) семиртирмайди ҳам ва очлиқдан халос ҳам қилмайди!

88:8 (Мўминларнинг) юзлари эса у Кунда (ўзларига ато этилган ноз-неъматлардан) шод-хуррам;

88:9 (Ҳаёти-дунёда Аллоҳ йўлида қилган) саъй-ҳаракатларидан рози бўлур.

88:10 (Улар) олий жаннатда бўлиб;

88:11 У жойда бирон беҳуда сўз эшитмаслар.

88:12 У жойда оқар булоқ бордир.

88:13 У жойда баланд сўрилар;

88:14 Ва (булоқ бўйига) қўйиб қўйилган қадаҳлар.

88:15 Тизиб қўйилган ёстиқлар.

88:16 Ва тўшалган гиламлар бордир.[1]

88:17 Ахир улар туянинг қандай яратилганига боқмайдиларми?

88:18 Осмоннинг қандай кўтариб қўйилганига;

88:19 Тоғларнинг қандай тикланганига;

88:20 Ва Ернинг қандай ёйиб-текислаб қўйилганига (ибрат назари билан боқмайдиларми?!)[2]

88:21 Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз панд-насиҳат қилинг! Зотан, сиз фақат бир панд-насиҳат қилгувчидирсиз, холос.

88:22 Сиз уларнинг устида зўравонлик билан ҳукм юргизгувчи эмассиз.