>

Алоуддин Мансур — 590

84:25 Фақатгина иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун битмас-туганмас ажр-мукофот бордир.

85:1 Буржлар эгаси бўлмиш осмонга қасам;

85:2 Ваъда қилинмиш (Қиёмат) Кунига қасам;

85:3 (Ўша Кунда) гувоҳ бўлгувчи (барча халойиққа) ва гувоҳ бўлингувчи (барча воқеа-ҳодисалар)га қасам-ки,

85:4 Чоҳ эгалари лаънат қилингайлар!

85:5 (У чоҳ ўзига итқитилган одамларнинг таналаридан иборат бўлган) «ўтин»ли оловдир!

85:6 Ўшанда улар ўша (чоҳ)нинг устида ўтириб олган,

85:7 Ва мўминларга қилаётган ишларига ўзлари гувоҳ бўлган эдилар.[1]

85:8 Улар (мўминлардан) фақат у (мўмин)лар қудрат ва мақтов эгаси бўлган Аллоҳга иймон келтирганлари учунгина ўч олдилар!

85:9 У — осмонлар ва Ернинг подшоҳлиги Ўзиники бўлган Зотдир! Аллоҳ барча нарсага гувоҳдир!

85:10 Албатта мўмин ва мўминаларни фитнага солиб, (бу қилмишларидан) тавба қилмаган кимсалар учун жаҳаннам азоби бордир ва улар учун ўт азоби бордир!

85:11 Албатта иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатлар бордир. Мана шу катта бахтдир.

85:12 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), шак-шубҳасиз, Парвардигорингизнинг (кофирларни азоб билан) ушлаши қаттиқдир.

85:13 Албатта Унинг Ўзи бошлар (яъни, бошлаб йўқдан бор қилур) ва қайтарур (яъни, халойиқни ўлганларидан кейин қайта тирилтирур).

85:14 У (мўминларга) мағфиратли муҳаббатли Зотдир.

85:15 (У) арш соҳиби бўлмиш буюк Зотдир.

85:16 (У) истаган нарсасини амалга оширгувчидир.

85:17 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сизга қўшинларнинг хабари келдими?

85:18 — Фиръавн (ва унинг одамларининг) ҳамда Самуд (қабиласининг хабари келдими?)[2]

85:19 Йўқ, кофир бўлган кимсалар (ўзларидан аввал ўтган динсиз кимсалар йўлиққан азоб-ҳалокатлардан ибрат олмай, ҳали ҳам Қуръонни) ёлғон дейишда (оёқ тираб турибдилар!)

85:20 Ҳолбуки, Аллоҳ уларнинг ортида (барча нарсани билиб) иҳота қилиб тургувчидир.

85:21 Йўқ, (улар ёлғон дейишаётган нарса) Буюк Қуръондир.

85:22 Лавҳул-Маҳфуздаги (яъни, ҳар қандай бузилиш ва ўзгаришдан сақланган — ҳимояланган Лавҳдаги Буюк Қуръондир).