Алоуддин Мансур — 587
82:1 Осмон ёрилганида;
82:2 Юлдузлар (ҳар томонга) сочилганида;
82:3 Дарё-денгизлар (ўртасидаги тўсиқ-тўғонлар) очилганида;
82:4 Қабрлар тўнкариб қўйилганида (яъни, уларнинг ичидаги инсонларга жон ато этилиб Ер юзига чиқарилганларида);
82:5 (Ана ўша Кунда ҳар бир) жон ўзи (ҳаёти дунёдалик чоғида) қилиб ўтган ва (ўзидан кейин) қолдирган (барча) нарсаларни (яъни, яхши-ёмон амалларини) билур!
82:6 Эй инсон, нима сени улуғ Парвардигоринг ҳақида (Унга ибодат қилмасанг ҳам бўлаверади, деб) алдаб қўйди?!
82:7 У сени яратиб, сўнг (барча аъзоларингни) тиклаб, сўнг (қоматингни ҳам) расо қилиб, қўйган Зот-ку!
82:8 У сени Ўзи қай суратни хоҳлаган бўлса, (ўша сурат — шаклда) таркиб топтирди — ижод қилди-ку![1]
82:9 Йўқ, балки сизлар жазо (Қиёмат Кунини) ёлғон дерсизлар (шунинг учун ҳам Аллоҳ буюрган эзгу амалларни қилмайсизлар ва У зот қайтарган ёмон амаллардан қайтмайсизлар)!
82:10 Ҳолбуки, шак-шубҳасиз, сизларнинг устингизда (қилган ҳар бир амалингизни) ёд олиб,
82:11 ёзиб тургувчи улуғ (фаришта)лар бордир.
82:12 Улар сизлар қилаётган ишларни билурлар.
82:13 Шак-шубҳасиз, яхшилар (яъни, мўминлар) жаннат неъматларидадирлар.
82:14 Шак-шубҳасиз, фисқ-фужур қилгувчи кимсалар (яъни, Қуръон ва пайғамбарни ёлғончи қилгувчи, жазо Куни ва қайта тирилишни инкор қилгувчи кимсалар) дўзахдадирлар!
82:15 Улар (дўзах)га жазо (Қиёмат) кунида кирурлар!
82:16 Ва улар (дўзахдан) ғойиб бўлгувчи (яъни, халос бўлгувчи эмасдирлар!
82:17 (Эй инсон), сен жазо Куни нима эканини қаердан ҳам билурсан?!
82:18 Сўнгра (яна такрор айтаманки), сен жазо Куни нима эканини қаердан ҳам билурсан?!
82:19 У Кунда ҳеч бир жон (бошқа) бир жонга бирон нарса қилишга (яъни, бирон фойда етказишга ёки ундан бирон зиённи кетказишга) эга бўлмас! У Кунда барча иш ёлғиз Аллоҳники бўлур!
83:1 (Ўлчов ва тарозидан) уриб қолгувчи кимсаларга ҳалокат бўлгай!
83:2 Улар одамлардан (бирон нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган,
83:3 уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса кам қилиб берадиган кимсалардир.
83:4 Улар ўзларининг қайта тирилгувчи эканликларини ўйламайдиларми?!