>

Алоуддин Мансур — 586

80:41 У (юз)ларни қаролик қоплаб олур!

80:42 Ана ўшалар фисқу фужур қилгувчи кофирларнинг ўзидир!

81:1 Қуёш ўралиб (нурсизланиб) қолганида;

81:2 Юлдузлар ҳам (ўз фалакларидан) тўкилганида;

81:3 Тоғлар ҳам (ўз жойларидан) жилдирилганида;

81:4 (Қорнидаги боласи) ўн ойлик бўлган бўғоз туялар ҳам бўш қўйиб юборилганида;

81:5 Ваҳший ҳайвонлар ҳам (бир жойга) тўпланиб қолганида;

81:6 Денгизлар (тандир каби) қизитилганида (ва сув ўрнига олов билан тўлганида);

81:7 Жонлар (қайтадан баданларга) жуфтланганида;

81:8 Тириклай кўмилган (ҳар бир) қиздан сўралганида,

81:9 қандай гуноҳ сабабли ўлдирилгани ҳақида (сўралганида);

81:10 (Номаи аъмол) саҳифалари очилганида;

81:11 Осмон (ернинг устидан) сидириб олинганида;

81:12 Дўзах (кофирлар учун) ловуллатиб ёқилганида;

81:13 Жаннат (тақводор зотларга) яқин қилинганида;

81:14 (Ана ўша Кунда ҳар бир) жон ўзи (мана шу Кун учун) ҳозирлаб келган нарсани (яъни, барча яхши-ёмон амалларини) билур![1]

81:15 Бас, Мен (кундузлари кўздан) ғойиб бўлгувчи (юлдуз)ларга қасам;

81:16 (Кечалари ҳам) тез ўтиб, (ўз «уя»лари — буржларига) яширингувчи (юлдуз)ларга қасам;

81:17 Ўз зулмати билан келиб-кетаётган кечага қасам;

81:18 Ва отаётган тонгга қасам ичурманки,

81:19 Шак-шубҳасиз, у (Қуръон) бир улуғ элчининг (яъни, Жаброил фариштанинг Аллоҳ таоло томонидан келтирган) сўзидир.

81:20 У қувватли, Аршнинг соҳиби (бўлмиш Аллоҳ) наздида макон-мартабали,

81:21 У жойда (яъни, осмонларда фаришталар томонидан) итоат этилгувчи, ишончли (элчининг Аллоҳ таоло томонидан келтирган сўзидир).

81:22 Ва сизларнинг соҳибингиз (Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) мажнун эмасдир.

81:23 Дарҳақиқат, у (Жаброилни) очиқ уфқда кўрди.

81:24 У (Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) ғайбга (яъни, ғайбдан келган ваҳийга) бахил ҳам эмасдир. (У Аллоҳ таоло томонидан ўзига келадиган ваҳийларни бузмасдан, тўла-тўкис ҳолда сизларга етказур).

81:25 Ва у (Қуръон) қувилган — малъун шайтоннинг сўзи эмасдир.

81:26 Бас, сизлар (мана шу Қуръони Карим кўрсатган Ҳақ йўлни инкор этиб) қаён кетмоқдасизлар?!

81:27 У (Қуръон) ҳеч шак-шубҳасиз, бутун оламлар учун бир эслатмадир.

81:28 — Сизларнинг орангиздаги Тўғри Йўлда бўлмоқни хоҳлаган кишилар учун (бир эслатмадир).

81:29 Сизлар фақат бутун оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳ хоҳласагина (Тўғри Йўлда бўлишни) хоҳларсизлар.