>

Алоуддин Мансур — 584

79:17 «(Эй Мусо), сен Фиръавннинг олдига боргин, чунки у (куфру исён билан) ҳаддидан ошди.

79:18 Бас, (унга) айтинг: «Сенинг (куфр иллатидан) покланишга рағбат-хоҳишинг борми?

79:19 Мен сени Парвардигоринг (йўли)га ҳидоят қилсам, бас, сен (У зотдан) қўрқсанг».

79:20 Сўнг (Мусо) унга бир улкан мўъжиза кўрсатган эди,

79:21 (Фиръавн) уни ёлғончи қилди (яъни, Мусога: «Сен сеҳргарсан», деб туҳмат қилди) ва (Аллоҳ таолога) осий-итоатсиз бўлди.

79:22 Сўнгра (фисқу фасодни ёйиш йўлида) саъй-ҳаракат қилган ҳолида (Мусодан) юз ўгириб кетди.

79:23 Сўнг (ўз одамларини) тўплади-да, жар солди:

79:24 «Мен сизларнинг энг устун Парвардигорингиздирман», деди.

79:25 Бас, Аллоҳ уни ҳам Охират, ҳам дунё азоби билан ушлади (яъни, дунёда у денгизга ғарқ қилиб юборилди, Охиратда эса дўзах азобига дучор бўлур).

79:26 Албатта бу (қисса)да (Аллоҳдан) қўрқадиган кишилар учун ибрат бордир.[2]

79:27 (Эй мушриклар), сизларни яратиш қийинроқми ёки осмонними?! (Яъни, бутун Ер куррасининг атрофини ўзга сайёралардан бирон зиён етмаслиги учун том — осмон билан қоплаб қўйишга қодир бўлган Зот учун сизларни яратиш ёки қайта тирилтириш ҳеч гап эмас-ку!) (Аллоҳ) уни бино қилди;

79:28 Шифтини баланд қилиб, тиклади.

79:29 Ва У ўша (осмон)нинг тунини қоронғу қилиб, (ундан) кундузини чиқарди.

79:30 Ва шундан кейин Ерни ёйиб-текис қилди.

79:31 Ундан суви-ю, ўтлоқларини чиқарди.

79:32 Ва у (ер)га тоғларни ўрнаштирди.

79:33 (Буларнинг барчаси) сизлар учун ва чорва ҳайвонларингиз учун манфаат бўлсин деб (қилингандир).

79:34 Бас, қачон катта бало (яъни, Қиёмат) келганида

79:35 — Инсон ўз қилмишини эслаб коладиган Кунда,

79:36 Ва дўзах кўрадиган (ҳар бир) кишига кўрсатиб қўйилганида.

79:37 Бас, ана ўшанда ким (ҳаёти дунёда куфру исён билан) туғёнга тушган,

79:38 Ва ҳаёти дунёни (Охиратдан) устун қўйган бўлса,

79:39 У ҳолда фақат жаҳаннамгина (унинг учун) жой бўлур!

79:40 Энди ким (ҳаёти дунёдалик пайтида Қиёмат Куни маҳшаргоҳда) Парвардигорининг (ҳузурида) туриши (ва У зотга ҳисоб-китоб бериши)дан қўрққан ва нафсини ҳавойи хоҳишлардан қайтарган бўлса,

79:41 У ҳолда фақат жаннатгина (унинг учун) жой бўлур.

79:42 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, мушриклар) сиздан (ўша Қиёмат) соатини қачон воқеъ бўлиши ҳақида сўрарлар.

79:43 Сиз қаердасиз-у, уни (яъни, Қиёмат қачон бўлишини) зикр қилиб-эслаш (қаерда)? (Яъни, сиз ҳеч қачон у Куннинг вақтини айтиб бера олмайсиз).

79:44 Уни (билиш) ёлғиз Парвардигорингизга бориб тўхтар.

79:45 Сиз фақат ўша (Қиёмат)дан қўрқадиган кишиларни огоҳлантиргувчисиз, холос. (Аммо у Куннинг қачон воқеъ бўлишини айтиб бериш сизнинг вазифангиз эмасдир).

79:46 Улар у (Қиёмат соати)ни кўрадиган Кунда (бу дунёда) гўё биргина пешиндан сўнг ёки чошгоҳ пайтида тургандек (яъни, бир кун ҳам яшамагандек) бўлиб қолурлар!