>

Алоуддин Мансур — 582

78:1 (Мушриклар) бир-бирларидан нима ҳақида сўрашмоқдалар?!

78:2 Улуғ хабар ҳақида

78:3 Улар ўзлари ихтилоф қилгувчи бўлган (улуғ хабар ҳакқда яъни, қайта тирилиш тўғрисида савол-жавоб қилмоқдалар)!

78:4 Йўқ (уларнинг гумонлари беҳудадир)! Улар яқинда (бу хабарнинг ҳақ эканини) билиб олажаклар!

78:5 Яна бир бор йўқ! Улар яқинда билиб олажаклар![1]

78:6 Биз Ерни (барча жонзотлар маскан тутиб яшашлари учун) бир тўшак,

78:7 тоғларни эса (ўша Ерни тутиб тургувчи) қозиқлар қилиб қўймадикми?!

78:8 Биз сизларни жуфт-жуфт қилиб яратдик.

78:9 Уйқуларингизни (баданларингиз ва асабларингиз учун) ором қилдик.[2]

78:10 Кечани (ўз қоронғуси билан барча нарсани яшириб турадиган) либос қилдик.

78:11 Кундузни эса тирикчилик (учун белгиланган вақт) қилдик.

78:12 Устларингизда етти (қават) пишиқ-мустаҳкам (осмонни) бино қилдик.

78:13 Ва доимо чарақлаб тургувчи чироқни (яъни, қуёшни пайдо) қилдик.

78:14 Яна Биз ўзидан ёмғирни сиқиб чиқаргувчи (булут)лардан мўл-кўл сув-ёмғир ёғдирдик.

78:15 Ўша (ёмғир) ёрдамида дон ва набототни

78:16 ҳамда (қалинлигидан дарахтлари) бир-бирига чирмашиб кетган боғларни ундириб чиқариш учун (мўл-кўл ёмғир ёғдирдик).[3]

78:17 Албатта (ҳақ билан ботил, яхши билан ёмон) ажратиладиган Кун (ҳисоб-китоб учун) белгиланган вақт бўлди.

78:18 У Кунда Сур чалинур, бас, сизлар тўп-тўп бўлиб (маҳшаргоҳга) келурсизлар!

78:19 Осмон ҳам очилиб, (фаришталар тушиб келадиган) эшикларга айланиб қолди!

78:20 Тоғлар ҳам (жойларидан) жилдирилиб, (осмонда учиб юрган) саробга айланиб қолди!

78:21 Албатта жаҳаннам (ўзига қулаб тушадиган кофирларга) кўз тутиб тургувчи бўлди.

78:22 Туғёнга тушгувчиларнинг борар жойлари бўлган (жаҳаннам кўз тутиб тургувчи бўлди).

78:23 Улар у жойда узоқ замонлар (яъни, абадул-абад) қолгувчидирлар!

78:24 Улар у жойда (жаҳаннам ўтидан ором берадиган) бирон салқинни ва бирон ичимликни топмаслар!

78:25 Фақат қайноқ сув ва йирингнигина (тотурлар)!

78:26 (Мана шу уларнинг қилмишларига) яраша жазодир!

78:27 Чунки улар (Қиёмат Кунидаги) ҳисоб-китобдан умидсиз бўлган кимсалардир.

78:28 Улар бизнинг оятларимизни бутунлай ёлғон дер эдилар!

78:29 Ҳолбуки, Биз барча нарсани ҳисоб-китоб қилиб, ёзиб қўйгандирмиз!

78:30 Бас, (эй кофирлар, Бизнинг азобимизни) тотиб кўринглар! Энди Биз сизларга фақат азобнигина зиёда қилурмиз!