>

Алоуддин Мансур — 581

77:20 Ахир Биз сизларни бир ҳақир сувдан яратмадикми?!

77:21 Сўнг у (сувни-нутфа)ни мустаҳкам қароргоҳда (она қорнида барқарор) қилиб қўймадикми?!

77:22 Маълум муддатгача (яъни, ой-куни етиб туғилгунича она қорнида барқарор қилиб қўймадикми?!)

77:23 Бас, Биз (бир томчи сувни комил инсон қилиб яратишга) қодир бўлдик. Нақадар қудратлидирмиз![1]

77:24 У Кунда ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай!

77:25 Ахир Биз Ерни йиғгувчи қилиб қўймадикми?!

77:26 Тирикларни ҳам, ўликларни ҳам (йиғгувчи қилиб қўймадикми?!)[2]

77:27 Яна Биз (ерда) баланд тоғларни (пайдо) қилдик ва сизларни (ўша тоғлардан оқиб тушадиган) чучук-тотли сув билан суғордик.

77:28 У Кунда ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай.

77:29 (У Кунда кофирларга дейилур): «Сизлар (ҳаёти-дунёдалик пайтингизда) ёлғон дегувчи бўлган нарсага (ҳисоб-китоб ва дўзах азобига) боринглар!

77:30 (Жаҳаннамда ёнаётган дўзахилардан кўтарилаётган бадбуй тутундан иборат, осмонга ўрлаган сари бўлиниб кетган) уч бўлакли «соя»га боринглар!

77:31 Ҳеч қандай салқинлик бермайдиган ва (дўзах) алангасини ҳам тўсмайдиган («соя»га боринглар!)»

77:32 Дарвоқеъ, у (жаҳаннам ҳар томонга ҳар бири) қасрдек учқунларни отиб турур!

77:33 Худди сариқ туяларга ўхшаган (учқунларни отиб турур!)

77:34 У Кунда ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлғай!

77:35 Бу (Кун) улар сўзлай олмайдиган

77:36 Ва улар учун узр айтишларига ҳам изн берилмайдиган Кундир!

77:37 У Кунда ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай!

77:38 Бу (ҳақ билан ботил) ажратиладиган Кундир! (Эй бу Кунни ёлғон дегувчи кимсалар, мана) Биз сизларни ҳам, аввалги (ўз пайғамбарларини ёлғончи қилган)ларни ҳам жамладик.

77:39 Мана, агар сизлар учун (дўзахдан қутқарадиган) бирон найранг бўлса, Менга ўша найрангларингизни кўрсатинглар-чи?

77:40 У Кунда ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай!

77:41 Тақводор зотлар эса (У Кунда) албатта соя-салқинлар ва чашмаларда,

77:42 Ва кўнгиллари тусаган мева-чевалар устидадирлар.

77:43 (Уларга дейилур): «Қилиб ўтган (яхши) амалларингиз сабабли (ушбу жаннат ноз-неъматларини) пок билиб еб-ичаверинглар».

77:44 Албатта Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз.

77:45 У Кунда ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай!

77:46 (Эй кофирлар) озгина вақт (яъни, тўрт кунлик дунёда ақлсиз ҳайвонлардек) еб, фойдаланиб қолинглар! Албатта сизлар жиноятчидирсизлар!

77:47 У Кунда ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай!

77:48 Қачон уларга: «Рукуъ қилинглар, (яъни, намоз ўқинглар)», дейилса, рукуъ қилмаслар!

77:49 У Кунда (ўша Кунни) ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай!

77:50 Ахир улар (Қуръондан) кейин (яъни, беназир илоҳий мўъжиза бўлган шундай азиз Китобга иймон келтирмасдан) қандай сўзга-китобга иймон келтирурлар?!