Алоуддин Мансур — 580
76:26 Яна кечанинг бир қисмида ҳам У зотга сажда қилинг ва тунда узоқ (бедор бўлиб) У зотга тасбеҳ айтинг!
76:27 Албатта ана у (кофир)лар нақд (дунё)ни суюрлар ва ортларидаги оғир Кунни (Қиёматни) эса тарк қилурлар (яъни, у Кун учун бирон амал қилмаслар).
76:28 Биз уларни яратдик ва (барча) аъзоларини мустаҳкам қилдик ва хоҳлаган вақтимизда (уларни ҳалок қилиб, ўринларига) ўзларига ўхшаганларни алмаштириб қўюрмиз.
76:29 Албатта бу (сура) бир панд-насиҳатдир. Бас, ким хоҳласа (бу панд-насиҳатни қабул қилиб), Парвардигори томонга йўл тутур.
76:30 (Эй инсонлар), сизлар фақат Аллоҳ хоҳлаган вақтдагина (У зот томонга йўл тутишни) хоҳларсизлар (яъни, бирон иш Аллоҳнинг хоҳиш-иродасисиз бўлмас). Албатта Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир.
76:31 У Ўзи хоҳлаган кишиларни (яъни, мўминларни) Ўз раҳматига — жаннатига киритур. Золимлар учун эса аламли азобни тайёрлаб қўйгандир.
77:1 Пайдар-пай юбориладиган (шамол)ларга,
77:2 қутурадиган (бўрон)ларга қасам;
77:3 (Булутларни Аллоҳ хоҳлаган томонларга) ёйиб юборадиган,
77:4 (ҳақ билан ботилни ва ҳалол билан ҳаромни) ажратиб берадиган,
77:5 эслатма-ваҳий олиб тушадиган,
77:6 (мўмин бандаларни) узр-мағфират қилиш учун ё (кофирларни Охират азобидан) огоҳлантириш учун (ваҳий олиб тушадиган фаришта)ларга (яъни, юқорида мазкур бўлган барча нарсаларга) қасамки,
77:7 ҳеч шак-шубҳасиз, сизларга ваъда қилинаётган нарса (Қиёмат ва ҳисоб-китоб) воқеъ бўлгувчидир!
77:8 Бас, қачон юлдузлар (нурлари сўниб) ўчирилгач;
77:9 Ва қачон осмон (қобиғи) ёрилиб-очилгач;
77:10 Ва қачон тоғлар (қумлар каби) сочилгач;
77:11 Ва қачон пайғамбарларга (уларни ёлғончи қилган қавмлари билан ҳисоб-китоб қилишлари учун) белгиланган вақт келгач, (ана ўша вақтда ваъда қилинган Қиёмат қойим бўлур)!
77:12 (Пайғамбар ўз қавмлари билан ҳисоб-китоб қилишлари) қай Кунга белгиланган эди?
77:13 (Ҳақ билан ботил) ажратиладиган Кунга (белгилангандир)!
77:14 (Эй инсон), сен (ҳақ билан ботил) ажратиладиган Кун нима эканлигини қаердан ҳам билурсан?!
77:15 У Кунда (ўша Кунни) ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай!
77:16 Ахир Биз аввалги (ўз пайғамбарларини ёлғончи қилган уммат)ларни ҳалок қилмадикми?!
77:17 Сўнгра кейинги (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломни ёлғончи қилгувчи Макка кофирлари ва бошқа)ларни ҳам уларга эргаштирурмиз!
77:18 Биз барча жиноятчи-кофирларни мана шундай (ҳалок) қилурмиз!
77:19 У Кунда ўша Кунни ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай!