Алоуддин Мансур — 577
74:48 Энди оқловчиларнинг оқлови уларга фойда бермас![3]
74:49 Нега улар бу Эслатмадан — Қуръондан юз ўгирадилар-а?!
74:50 Худди ёввойи эшакларга,
74:51 Шердан қочган (ёввойи эшакларга ўхшаб Қуръондан юз ўгирадилар-а?!)
74:52 Йўқ, (улар ҳеч қачон Қуръон оятларига қулоқ тутмаслар, балки) улардан ҳар бир кимса ўзига очиқ саҳифалар берилишини истар![4]
74:53 Йўқ, (уларнинг кофир бўлишларига сабаб, асло уларга очиқ саҳифалар берилмагани эмас), балки улар Охират(га иймон келтирмайдилар ва унда бўладиган азоб-уқубат)дан қўрқмаслар (ва шу сабабдан Қуръондан юз ўгирурлар).
74:54 Ҳа, албатта у (Қуръон) бир эслатмадир.
74:55 Бас, хоҳлаган киши ундан эслатма-ибрат олур.
74:56 Улар ёлғиз Аллоҳ хоҳлаганидагина (Қуръондан) эслатма-ибрат олурлар. У (Аллоҳ) тақво эгасидир (яъни, бандалари Ундан тақво қилишлари — қўрқишлари лозимдир) ва (У Аллоҳ тақво қилгувчи бандалари учун) мағфират Эгасидир.
75:1 Мен Қиёмат Кунига қасам ичурман.
75:2 Ва Мен маломатгўй нафсга қасам ичурманки, (ҳеч шак-шубҳасиз, қайта тирилиб, ҳисоб-китоб қилинурсизлар)![1]
75:3 Инсон Бизни унинг (чириб, тупроққа айланиб кетган) суякларини ҳаргиз тўплай олмас, деб гумон қилурми?!
75:4 Йўқ, Биз унинг бармоқларини (ҳам) тиклаб жойига келтиришга қодир бўлган Зотдирмиз![2]
75:5 Балки инсон олдинда (келгуси ҳаётида ҳам) фисқ-фужур (гуноҳ амалларни) қилмоқни истаб:
75:6 «Қиёмат Куни қачон ўзи?», деб сўрар?![3]
75:7 Бас, (кўрган даҳшатларидан) кўз қамашиб,
75:8 (осмондаги) ой ҳам тутилган ҳолда
75:9 қуёш ва ой бирлаштирилган вақтда,
75:10 — ана ўша Кунда у инсон «(у бало-офатлардан) қаерга қочиб-қутулиш мумкин?», деб қолур!
75:11 Йўқ! (Эй инсон, Аллоҳнинг азобидан қочиб қутуладиган) бирон бошпана йўқдир!
75:12 У Кунда ёлғиз Парвардигоринг (ҳукм қилган жой)га қарор топишгина бордир!
75:13 У Кунда инсонга (ҳаёти-дунёдалик чоғида) қилиб ўтган ва (ўзидан кейин) қолдирган (барча) нарсаларнинг (яъни, яхши-ёмон амалларнинг) хабари берилур.
75:14 Балки (У Кунда) инсон(нинг барча аъзолари) ўзининг зиёнига гувоҳлик бергувчидир!
75:15 Гарчи ўз узр-баҳоналарини (ўртага) ташласа — келтирса-да, (унинг барча аъзолари ўзининг зиёнига гувоҳлик бергувчидир!)[4]
75:16 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, Қуръонни) тезроқ (ёдлаб) олиш учун тилингизни у билан қимирлатмай-пичирламай қўя қолинг.
75:17 Зеро, уни (сизнинг дилингизда) жамлаш ҳам, (тилингизда) қироат қилдириш ҳам Бизнинг зиммамиздадир.
75:18 Бас, қачон Биз (яъни, Жаброил фаришта) уни (яъни, ҳар бир ваҳийни) ўқиб битганимиздан сўнггина сиз ҳам уни ўқишга эргашинг!
75:19 Сўнгра уни — Қуръонни баён қилиб бериш ҳам албатта Бизнинг зиммамиздадир.[5]