>

Алоуддин Мансур — 575

73:20 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), албатта Парвардигорингиз сиз ва сиз билан бирга бўлган кишилардан иборат тоифа (яъни, саҳобаларингиз гоҳо) кечанинг учдан иккисидан озроғида, (гоҳо) унинг ярмида ва (гоҳо) учдан бирида (бедор бўлиб, намозда) туришларингизни билур. Кеча ва кундуз (соатлари)ни Аллоҳ белгилар. У зот (фасллар ўзгариши билан кечалар ҳам узун-қисқа бўлиб туриши сабабли сизлар у кечаларда бедор бўлишларингиз лозим бўлган соатларнинг) саноғига ета олмасликларингизни билиб, сизларга қайта енгиллик берди. — Энди (кечалари намозларингизда) Қуръондан муяссар бўлган миқдорда ўқийверинглар. У зот сизларнинг орангизда (кечалари бедор бўлишга қуввати етмайдиган) беморлар бўлишини, бошқалар Аллоҳнинг фазл-марҳаматидан (ризқ-рўз) истаб Ер юзида (яъни, унинг турли томонларига) сафар қилишларини ва яна бошқалар эса Аллоҳ йўлида жангга чиқиб кетишларини билди. Бас, (ўзларингизни қийнамай Қуръондан) муяссар бўлган миқдорда ўқийверинглар. Ва намозни тўкис адо этинглар, закотни (ҳақдорларга) ато этинглар ва (бечора мискинларга хайру саховат қилиш билан) Аллоҳга қарзи ҳасана беринглар! Ўзларингиз учун тақдим қиладиган ҳар бир яхшиликни (Қиёмат Куни) Аллоҳнинг ҳузурида янада яхшироқ ва улуғроқ ажр-мукофот ҳолида топурсизлар. Аллоҳдан мағфират сўранглар! Албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир.

74:1 Эй (либосларига) бурканиб олган зот,[1]

74:2 Туринг-да, (инсонларни Охират азобидан) огоҳлантиринг!

74:3 Ёлғиз Парвардигорингизни улуғланг!

74:4 Либосларингизни пок тутинг!

74:5 Бутлардан йироқ бўлинг!

74:6 (Бераётган нарсангизни) кўп санаган ҳолингизда эҳсон қилманг!

74:7 Ёлғиз Парвардигорингиз (Юзи) учун (кофирлар томонидан етадиган озорларга) сабр қилинг!

74:8 Чунки қачон (Қиёмат қойим бўлгани ҳақида хабар бериб) бурғу чалинганида,

74:9 ана ўша Кун қийин Кундир!

74:10 Кофирларга осон бўлмаган (Кундир)![2]

74:11 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Мен сўққабош ҳолида яратган кимсани Ўзимга қўйиб беринг!

74:12 Мен унга кенг-мўл мол-давлат,

74:13 ва (доимо ёнида) ҳозиру нозир ўғилларни (ато) қилдим.

74:14 Яна унга (ҳаётнинг барча неъматларини) қулай-осон қилиб қўйдим.

74:15 Сўнгра у яна зиёда қилишимни тамаъ қилур.

74:16 Йўқ, (унинг тамаъси беҳудадир)! Чунки у Бизнинг оятларимизга қаршилик қилгувчидир.

74:17 Яқинда Мен уни бир харсанг тошга (яъни, ўтиб бўлмас тўсиққа) дучор қилажакман!

74:18 Чунки у (Қуръонни эшитгач, бу илоҳий Китобга қандай туҳмат қилиш тўғрисида) ўйлади, режа тузди.