>

Алоуддин Мансур — 574

73:1 Эй (кийимларига) ўралиб олган зот,

73:2 кечаси (бедор бўлиб, намозда) туринг! Фақат озгина (ухлаб ором олинг).

73:3 Унинг (кечанинг) ярмида (ухлаб ором олинг) ёки (уйқуни кечанинг) ярмидан ҳам бир оз камайтиринг.[1]

73:4 Ёхуд унга (бир оз) зиёда қилинг (яъни, кечанинг ярмидан кўпроғида ухлаб, истироҳат қилинг) ва Қуръонни тартил билан (яъни, дона-дона қилиб) тиловат қилинг!

73:5 Зеро, Биз сизга оғир Сўзни — Қуръонни туширажакмиз.

73:6 Албатта кечаси (ибодат учун бедор бўлиб) туриш (тун уйқу-ором вақти бўлгани сабабли) жуда оғир юкдир ва (лекин у пайтда кундузги безовталиклар бўлмагани учун) энг тўғри сўздир.[2]

73:7 Албатта, сиз учун кундузи узун-тинимсиз машғулот бордир (шу сабабли кечалари бедор бўлиб ибодат қилинг).

73:8 Парвардигорингизнинг номини (мудом) ёд этинг ва Унга бутунлай берилиб, (чин ихлос билан бандалик қилинг)!

73:9 (У) машриқ ва мағрибнинг Парвардигоридир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, факат Унинг Ўзигина бордир. Бас, сиз (ўзингиз учун) Унигина вакил-ҳомий қилиб олинг!

73:10 Ва улар (мушриклар) айтаётган сўзларига (бераётган озорларига) сабр қилинг ҳамда уларни чиройли тарк этинг!

73:11 (Сизни) ёлғончи қилгувчи у аҳли неъмат-аҳли дунёларни менга қўйиб беринг ва уларга озгина (Қиёматгача) муҳлат беринг!

73:12 Зеро, Бизнинг даргоҳимизда (кофирлар учун тайёрлаб қўйилган) кишанлар ва (уларни куйдириб азоб бергувчи) олов-дўзах бордир!

73:13 Ва (томоққа) тиқилгувчи (йиринг ва қон каби) «таом» ҳамда аламли азоб бордир!

73:14 У Кунда Ер ва тоғлар титроққа тушар ва у тоғлар тўкилиб тургувчи қумтепаларга айланиб қолур!

73:15 (Эй Макка аҳли), дарҳақиқат, Биз худди Фиръавнга Пайғамбар юборганимиз каби сизларга ҳам (агар бу ҳаёти дунёдан куфру исён билан ўтсангизлар Қиёмат Кунида) сизларнинг зиёнингизга гувоҳлик бергувчи бўлган бир Пайғамбарни (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломни) юбордик.

73:16 (Ўшанда) Фиръавн (Мусо) Пайғамбарга итоатсизлик қилгач, Биз уни қаттиқ ушлаш билан ушладик (яъни, денгизга ғарқ қилиб юбордик).

73:17 Бас, агар сизлар кофир бўлсангизлар (ўз даҳшати билан) болаларни(нг сочларини оқартириб) чолларга айлантириб қўядиган Кун(нинг азоби)дан қандай сақланурсизлар!

73:18 У (даҳшатли Кун) сабабли осмон ҳам ёрилгувчидир! (Аллоҳнинг) ваъдаси амалга ошгувчидир!

73:19 Албатта ушбу (оятлар) бир эслатмадир. Бас, ким хоҳласа (бу насиҳатдан ибрат олиб) Парвардигорига йўл тутар.