Алоуддин Мансур — 571
71:11 (Шунда) У зот устларингизга осмондан ёмғир қуйдирур.
71:12 Ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад берур ҳамда сизларга боғу бўстонлар (ато) қилур ва сизларга оқар дарёлар (ато) қилур.
71:13 Нега сизлар Аллоҳни улуғлашни (яъни, Унга ибодат қилишни) ўйламайсизлар?!
71:14 Ҳолбуки, У зот сизларни босқичма-босқич яратди-ку![2]
71:15 Аллоҳ етти осмонни қандай устма-уст қилиб яратганини;
71:16 Ва ойни улардаги нур-ёруғлик қилиб, қуёшни эса (нур сочгувчи) чироқ қилиб қўйганини кўрмадингларми?!
71:17 Аллоҳ сизларнинг (отангиз Одамни) Ердан ундириб-ўстирди (яъни, пайдо қилди).
71:18 Сўнгра (вафот қилганларингизда) У зот сизларни яна (ерга) қайтарур ва (Қиёмат қойим бўлганида) сизларни чиқариб олур!
71:19 Аллоҳ Ерни сизлар учун ёйиқ-текис қилиб қўйди.
71:20 — Сизлар ундаги кенг йўлларда юришларингиз учун (ёйиқ-текис қилиб қўйди)».
71:21 Нуҳ айтди: «Парвардигорим, дарҳақиқат, улар менга итоатсизлик қилдилар ҳамда (топган) мол-дунёси ва бола-чақаси ўзига фақат зиённи (яъни, куфр ва туғённи) зиёда қилган кимсаларга (ўзларининг бой-бадавлат бошлиқларига) эргашиб кетдилар».
71:22 У (бошлиқлари Нуҳга қарши) жуда катта макр-ҳийлалар қилдилар.
71:23 Ва (ўзларига эргашган тубан-пасткаш кимсаларга): «Сизлар ҳаргиз ўз худоларингизни тарк қилманглар! Вадни ҳам, Сувоъни ҳам, Яғусни ҳам, Яъуқни ва Насрни ҳам ҳаргиз тарк қилманглар!», дедилар.[3]
71:24 «Дарҳақиқат, улар (яъни, Нуҳ қавмининг бой-бадавлат бошлиқлари) кўп (кишилар)ни йўлдан оздирдилар. (Парвардигорим), бу золим кимсаларга фақат гумроҳликни зиёда қилгин», (деди Нуҳ).
71:25 Улар ўз хато-гуноҳлари сабабли ғарқ қилиниб, дўзахга киритилдилар. Бас, ўзлари учун Аллоҳдан ўзга ёрдам бергувчиларни топмадилар (яъни, сиғинган бут-санамлари уларни Аллоҳнинг азобидан қутқара олмадилар).
71:26 Нуҳ айтди: «Парвардигорим, Ер юзида кофирлардан бирон ҳовли-жой эгасини қолдирмагин.
71:27 Чунки Сен агар уларни (Ер юзида) қолдирсанг, улар бандаларингни йўлдан оздирурлар ва улар фақат кўрнамак, нопок (кимсалар)ни туғиб-кўпайтирурлар.
71:28 Парвардигорим, Ўзинг мени, ота-онамни, менинг уйимга мўмин ҳолда кирган кишиларни ва барча мўмину мўминаларни мағфират қилган, золим кимсаларга эса фақат ҳалокатни зиёда қилгин»!