Алоуддин Мансур — 570
70:41 (бу кофирларни ҳалок қилиб ўринларига), улардан яхшироқ (инсонларни) алмаштириб қўйишга ва Биз (бу ишга) ожиз эмасдирмиз.
70:42 Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз уларни тарк қилинг! Улар то ўзларига ваъда қилинаётган кунларига рўбарў бўлгунларича (ўз ботил-беҳуда хаёлларига) шўнғишиб, ўйнаб-кулиб юраверсинлар!
70:43 У кунда улар гўё (ўзлари сиғинадиган) бутларга қараб чопишаётгандек шошилган ҳолларида қабрларидан чиқиб келурлар!
70:44 Кўзлари (қуйига) эгилган, хорлик уларни ўраб-эгаллаб олган ҳолларида (қабрларидан чиқиб келурлар!) Мана шу (ҳаёти дунёда) уларга ваъда қилингувчи бўлган Кундир!
71:1 Дарҳақиқат, Биз Нуҳни: «Қавмингни уларга аламли азоб келиб қолишидан илгари огоҳлантиргин», деб ўз қавмига пайғамбар қилиб юбордик.
71:2 У деди: «Эй қавмим, албатта мен сизларга (юборилган) очиқ огоҳлантиргувчидирман.
71:3 Аллоҳга ибодат қилинглар ва У зотдан қўрқинглар ҳамда менга итоат этинглар.
71:4 (Шунда Аллоҳ) сизларни гуноҳларингиздан мағфират қилур ва сизларни белгиланган муддатгача (яъни, ажалларингиз битгунича тирик) қолдирур. Агар билгувчи бўлсангизлар, Аллоҳнинг (ўлим учун белгилаб қўйган) муддати келган вақтида асло ортга сурилмас.
71:5 (Нуҳнинг бу даъватлари уларга кор қилмагач), у деди: «Парвардигорим, албатта мен қавмимни кеча-ю кундуз (иймон-эътиқодга) даъват этдим.
71:6 (Аммо) менинг даъватим уларга фақат (иймондан) қочишни зиёда қилди, холос.
71:7 Дарвоқеъ, ҳар қачон мен уларни Сенинг мағфиратингга (сабаб бўладиган дин йўлига) даъват қилсам, улар (менинг сўзларимни эшитмаслик учун) бармоқларини қулоқларига тиқиб, (мени кўрмаслик учун юзу кўзларига) кийимларини ўраб-чирмаб олдилар ва (ўз куфрларида) оёқ тираб турдилар ҳамда (менга итоат этишдан бош тортиб) кибр-ҳаво қилдилар.[1]
71:8 Сўнгра, мен уларни ошкора (яъни, одамлар тўпланган жойларда баланд овозда) даъват этдим.
71:9 Сўнгра мен уларга (ўз даъватимни) очиқ эълон ҳам қилдим, пинҳона сир қилиб ҳам айтдим.
71:10 Мен дедимки: «Парвардигорингиз (Аллоҳ)дан мағфират сўранглар, албатта У ўта мағфиратли бўлган Зотдир.