Алоуддин Мансур — 567
69:9 Фиръавн ҳам, ундан аввал (ўтган динсиз) кимсалар ҳам, зеру забар бўлган қишлоқлар (яъни, Лут пайғамбар қавмининг қишлоқлари) ҳам хато ишлар қилдилар.
69:10 Улар Парвардигорларининг Пайғамбарига итоатсизлик қилдилар. Бас, У зот уларни ортиқча қаттиқ ушлаш билан ушлади (яъни, мислсиз қаттиқ азоб билан азоблади).
69:11 Дарвоқеъ, Биз сув туғёнга тушган вақтида сизларни (Нуҳ пайғамбар ясаган) кемада кўтардик.
69:12 Биз у (ишни, яъни мўминларга нажот бериб, кофирларни сувга ғарқ қилиб юбориш)ни сизлар учун эслатма-ибрат қилиш учун ва англагувчи қулоқлар англаб-эшитиб олишлари учун (қилдик).
69:13 Бас, қачон Сур бир бор чалинганида.
69:14 Ва Еру тоғлар (ўз жойларидан) кўтарилиб, (бир-бирларига) бир бор урилиб (чилпарчин бўлганида).
69:15 Ана ўша Кунда воқеа воқеъ бўлур! (Яъни, Қиёмат қойим бўлур!)
69:16 Ва осмон ёрилур! Чунки (осмон) у Кунда заиф бўлиб қолур!
69:17 Ва фаришталар (осмоннинг) чор-атрофида (Аллоҳнинг амрига мунтазир бўлиб) турурлар. Уларнинг устида Парвардигорингизнинг аршини у Кунда саккиз (фаришта) кўтариб турур.
69:18 Ўша Кунда сизлар (ҳисоб-китоб учун Аллоҳга) кўндаланг қилинурсизлар — сизларнинг бирон сирингиз махфий қолмас.
69:19 Бас, энди ўз китоби — номаи аъмоли ўнг қўлидан берилган кишига келсак, бас, у: «Мана менинг китобимни ўқинглар.
69:20 Дарҳақиқат, мен ҳисоб-китобимга (яъни, Охиратдаги ажр-мукофотга) рўбарў бўлишимни билган эдим», дер.
69:21 Сўнг у кўнгилли ҳаётда,
69:22 Юксак жаннатда бўлур.
69:23 Унинг мевалари (аҳли жаннат учун) яқиндир.
69:24 (Жаннат аҳлига): «Ўтган кунларда (яъни, ҳаёти дунёда) қилиб ўтган (эзгу) амалларингиз сабабли (ушбу ноз-неъматларни) пок билиб еб-ичаверинглар», (дейилур).
69:25 Энди ўз китоби чап қўлидан берилган кимсага келсак, бас, у дер: «Эҳ, қани энди, менга китобим берилмаса эди!
69:26 Ва мен ҳисоб-китобим (яъни, оладиган жазойим) нима эканлигини билмасам эди!
69:27 Эҳ қани энди, ўша (биринчи ўлим барча нарсани) тугатгувчи-узгувчи бўлса (ва Қиёматдаги мана бу қайта тирилиш бўлмаса) эди!
69:28 Менга (не машаққатлар билан топган) мол-дунёйим асқотмади-я!
69:29 Мулку салтанатим ҳам ҳалок бўлиб кетди-я!»
69:30 (Бас, Аллоҳ жаҳаннам қўриқчиларига дер): «Уни ушлаб, кишанланглар!
69:31 Сўнгра дўзахга ташланглар!
69:32 Сўнгра узунлиги етмиш газ бўлган занжирга солиб боғланглар!»
69:33 Чунки (ҳаёти дунёдалик пайтида) Улуғ Аллоҳга иймон келтирмас эди.
69:34 Ва мискин-бечорага таом беришга (ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам) тарғиб қилмас эди.
69:35 Бас, Бугун, бу ерда унинг учун бирон дўст-мададкор йўқдир!