Алоуддин Мансур — 566
68:43 Улар (кофирлар) кўзлари (қуйига) эгилган, хорлик уларни ўраб-эгаллаб олган ҳолларида (сажда қилишга чорланишиб, лекин саждага кучлари етмай қоладиган Кунни эсланг)! (Чунки ҳаёти дунёдалик пайтларида) улар соғ-саломат бўлган ҳолларида сажда қилишга чорланар эдилар (аммо саждага қодир бўла туриб ундан бош тортар эдилар).
68:44 Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз ушбу Сўзни — Қуръонни ёлғон дейдиган кимсаларни Менга қўйиб беринг! Яқинда Биз уларни ўзлари билмайдиган — сезмайдиган томондан аста-секин (ҳалокатга дучор қилажакмиз)!
68:45 Мен (гуноҳларини кўпайтиришлари учун) уларга муҳлат бериб, (умрларини узун қилиб) қўюрман. Дарвоқеъ, Менинг «макрим» жуда қаттиқдир!
68:46 Балки сиз (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, динга даъват қилганингиз учун), улардан ажр-ҳақ сўраб, улар зиён қилишларидан оғирсинаётгандирлар? (Яъни, сиз улардан ҳеч қандай ҳақ сўраётганингиз йўқ-ку)!
68:47 Балки уларнинг олдиларида ғайб (яъни, ғайбда бўладиган барча ишлар битилган Лавҳул-Маҳфуз) мавжуд бўлиб, улар (айтаётган сўзларини ўшандан) ёзиб олаётгандирлар?!
68:48 Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз Парвардигорингизнинг ҳукмига (яъни, у Зот кофирларга муҳлат бериб қўйганича, Ислом дини тезроқ ғолиб бўлмаётганига) сабр қилинг ва наҳанг-балиқ соҳиби (яъни, Юнус пайғамбар) каби (бесабр) бўлманг! Эсланг, ўзи бесабрлиги учун тушиб қолган балиқ қорнида туриб ғамга тўлган ҳолда (Парвардигордан паноҳ тилаб) нидо қилган эди.
68:49 Агар унга Парвардигори томонидан бўлган неъмат-марҳамат етмаганида, албатта қуруқликка мазамматланган ҳолида улоқтирилган бўлур эди, (лекин Парвардигори унга марҳамат кўрсатиб балиқ қорнидан соғ-омон чиқарди).
68:50 Сўнг Парвардигори уни (яна қайта пайғамбарликка) танлаб, солиҳ (пайғамбар)лардан қилди.
68:51 Албатта кофир бўлган кимсалар эслатма — Қуръонни эшитган вақтларида сизни кўзлари билан йиқитаёзурлар ва (Муҳаммад) шак-шубҳасиз, мажнундир, дерлар.
68:52 Ҳолбуки, у (Қуръон) барча оламлар учун фақат бир (буюк) эслатмадир!
69:1 Аниқ рўй бергувчи (Қиёмат)...
69:2 Ўша аниқ рўй бергувчи нимадир?
69:3 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз Аниқ рўй бергувчининг нима эканлигини қаердан билурсиз?[1]
69:4 Самуд ва Од (қабилалари ўз даҳшатлари билан қалбларни) қаттиқ қоқувчи (Қиёмат Куни)ни ёлғон, дедилар.
69:5 Энди Самуд (қабиласи)га келсак, бас, улар ҳаддан ташқари қаттиқ нарса (чақмоқ) билан ҳалок қилиндилар.
69:6 Энди Од (қабиласи)га келсак, бас, улар бир даҳшатли, қутурган бурон билан ҳалок қилиндилар.
69:7 У (бўронни Аллоҳ) уларнинг устига пайдар-пай етти кеча ва саккиз кундуз ҳоким қилиб қўйдики, энди у жойдаги қавмни худди чириб — ичи бўшаб қолган хурмо дарахтининг танасидек қулаб, ҳалок бўлиб ётганларини кўрурсиз.
69:8 Бас, улардан бирон (омон) қолгувчини кўрармисиз? (Асло, уларнинг барчалари ҳалок бўлиб битдилар).