>

Алоуддин Мансур — 565

68:17 Дарҳақиҳат, Биз уларни (Макка аҳлини очарчилик ва қаҳатчилик билан) балоладик. Биз (илгари) боғ эгаларини ҳам худди шундай (маҳрумлик билан) балолаган эдик. Ўшанда улар албатта уни (яъни, боғнинг ҳосилини) эрта тонгда узиб олишга қасам ичган эдилар.

68:18 (Камбағал-мискинларга ҳақ-улуш) ажратмаган ҳолларида (узиб олишга қасам ичган эдилар).

68:19 Бас, (тунда) улар уйқуда бўлган чоғларида у (боғ)нинг устида Парвардигорингиз томонидан бўлган айлангувчи (бало-олов) бир айланди-ю,

68:20 у (боғнинг ҳосили) узилгандек бўлди-қолди (яъни, бутун боғ куйиб кул бўлди).

68:21 Улар эса тонгда туришиб (тунда бўлган ҳодисадан бехабар бўлган ҳолларида) бир-бирларини шундай дея чақирдилар:

68:22 «Агар (ҳосилни) узмоқчи бўлсангизлар зироатгоҳларингизга юра қолинглар».

68:23 Сўнг бир-бирларига пичирлашган ҳолларида жўнаб кетдилар:

68:24 «Бугун у (боғда ҳосил узаётган вақтда) устларингизга бирон мискин кириб қолмасин-да».

68:25 Улар (ўз гумонларича мискинларни боғга йўлатмаслик тўғрисидаги) мақсад-ғаразга қодир бўлган ҳолларида тонг-саҳарлаб бордилар.

68:26 Энди қачонки уни (яъни, куйиб кулга айланган боғларни) кўришгач, (аввал): «Шак-шубҳасиз, бизлар йўлдан адашиб қолдик (яъни, адашиб бошқа боғга келиб қолдик), дедилар.

68:27 (Сўнг бу ўзларининг боғлари эканини билишгач эса): «Йўқ, бизлар (боғимиздан) маҳрум бўлибмиз», дедилар.

68:28 (Шунда) уларнинг инсофлироқлари: «Мен сизларга (Аллоҳга) тасбеҳ айтиш — шукр қилмайсизларми (яъни, шундай мўл ҳосил ато этганининг шукронасига кабағалларнинг улушларини бермайсизларми?) демаганмидим?, деган эди.

68:29 Улар (энди вақт ўтгач): «Парвардигоримизни поклаймиз. Дарҳақиқат, бизлар (ўзимизга) зулм қилгувчи бўлдик», дедилар.

68:30 Сўнг улар бир-бирларига боқиб, маломат қилиша бошладилар.

68:31 Улар дедилар: «Эй ўлим бўлсин бизларга! Дарҳақиқат, бизлар ҳаддан ошгувчи бўлдик.

68:32 Шоядки Парвардигоримиз бизларга у (боғ)дан ҳам яхшироғини алмаштириб берса. Бизлар албатта ёлғиз Парвардигоримизга рағбат-илтижо қилгувчидирмиз».

68:33 (Аллоҳнинг амридан четга чиққан кимсалар учун) мана шундай азоб бордир. Агар билсалар, Охират азоби шак-шубҳасиз, янада каттароқдир.

68:34 Албатта тақводор зотлар учун Парвардигорлари ҳузурида ноз-неъмат боғлари бордир.[4]

68:35 Ахир Биз мусулмонларни жиноятчи-кофир кимсаларга баробар қилурмизми?!

68:36 (Эй мушриклар), сизларга нима бўлди? Қандай ҳукм чиқармоқдасизлар?

68:37 Балки сизлар учун (осмондан туширилган) бирон китоб бўлиб, ўқиб-ўрганаётгандирсизлар?!

68:38 Унда сизлар ўзларингиз учун (Охиратда) шак-шубҳасиз, танлаган-хоҳлаган нарсаларингиз бор эканлигини (ўқиб-ўрганаётгандирсизлар?!)

68:39 Балки сизлар учун Бизнинг зиммамизда: «Шак-шубҳасиз, ўзларингиз ҳукм-қарор қилган бор нарса сизларники бўлур», деган то Қиёмат Кунигача етгувчи қасамлар (яъни, Биз томондан берилган аҳд-паймонлар) бордир?!

68:40 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), улардан сўранг-чи, қайсилари бунга (яъни, ўзларининг пуч даъволарининг ҳақ эканлигига) кафил бўла олар эканлар?!

68:41 Балки уларнинг (бу даъволарини тасдиқлайдиган) шериклари бордир?! У ҳолда ростгўй бўлсалар ўша шерикларини келтирсинлар!

68:42 Болдирлар очиладиган (яъни, оғир ҳисоб-китобга чоғланиладиган) ва улар (кофирлар) сажда қилишга чорланишиб, (лекин саждага) кучлари етмай қоладиган Кунни (эсланг)![5]