>

Алоуддин Мансур — 564

67:27 Бас, қачонки улар (Қиёмат Кунида ваъда қилинган азобни ўзларига) яқин ҳолда кўришгач, у кофирларнинг юзлари қорайиб кетур ва (уларга): «Мана шу сизлар истаган нарсадир», дейилур.

67:28 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, у кофирларга айтинг: «Хабар берингиз-чи, агар Аллоҳ мени ва мен билан бирга бўлган кишиларни ҳалок қилса ёки (умримизни узун қилиш билан) бизларга раҳм-шафқат қилса, Ўзининг изн-ихтиёридадир. Аммо энди кофирларни (яъни, сизларни) ким аламли азобдан ҳимоя қилур?![4]

67:29 Айтинг: «У (Аллоҳ) Раҳмон — Меҳрибондир. Бизлар Унга иймон келтирдик ва ёлғиз Унинг Ўзига таваккул қилдик — суяндик. Ҳали сизлар ким очиқ залолатда эканлигини билиб олажаксизлар!»

67:30 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, у мушрикларга) айтинг: «Хабар берингиз-чи, агар (баногоҳ ичар) сувларингиз (ер тубига) сингиб кетар бўлса, у ҳолда ким сизларга оқар сув келтира олур?! (Жонсиз бутларингизми?! Бас, нега у бефойда-бежон бутларни Меҳрибон Аллоҳга шерик қилиб олдингизлар?!)»

68:1 Нун. Қалам ва (у билан фаришталар) битадиган битикларга қасамки,[1]

68:2 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз Парвардигорингизнинг марҳамати билан мажнун эмасдирсиз.

68:3 Албатта сиз учун (кофирларнинг бундай озорларига сабр-тоқат қилганингиз сабабли) битмас-туганмас ажр мукофот бордир.

68:4 Албатта сиз улуғ Хулқ устидадирсиз.[2]

68:5 Ҳали яқинда сиз ҳам кўражаксиз, улар ҳам кўражаклар,

68:6 Қайсиларингиз (яъни, сизми ёки уларми) мафтун-мажнун эканликларингизни.

68:7 Албатта Парвардигорингизнинг Ўзи Унинг йўлидан озган кимсаларни жуда яхши билгувчидир ва У ҳидоят топгувчиларни ҳам жуда яхши билгувчидир.

68:8 Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сизнинг ҳақ пайғамбарлигингизни ва Қуръонни «ёлғон» дегувчи кимсаларга итоат этманг!

68:9 Улар сизнинг (ўзларига) кўнгилчанлик — муроса қилишингизни истарлар, шунда улар ҳам (сизга) кўнгилчанлик қилурлар. (Лекин сиз уларнинг бу истакларига бўйинсунманг!)

68:10 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), яна сиз ҳар бир тубан қасамхўр,

68:11 ғийбатчи-ю, гап ташувчи,

68:12 яхшиликни манъ қилгувчи-бахил, тажовузкор, гуноҳга ботган,

68:13 қўпол ва булардан ташқари бенасаб-ҳароми кимсага итоат этманг!

68:14 У мол-мулк ва ўғиллар эгаси бўлгани учун (ўзидан кетиб),

68:15 қачон унга Бизнинг оятларимиз тиловат қилинса: «Булар аввалгиларнинг афсоналари-ку!», дер.

68:16 Яқинда Биз уни тумшуғидан тамғалаб қўяжакмиз![3]